Хусусийлаштириш ва масъулият
  • 26 Октябрь 2017

Хусусийлаштириш ва масъулият

 

Мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш бўйича яратилган янги тизим, яъни бўш турган биноларни инвестиция киритиш мажбурияти билан “ноль” харид қийматида тадбиркорларга сотиш амалиёти ўзини тўла оқламоқда. Негаки, бу хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш билан бирга, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб қилиш ҳисобига рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш имконини бераяпти.

Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларга янгича мазмун бағишлади. Қашқадарё вилоятида мазкур ҳужжатнинг изчил ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида бўш турган ҳамда фойдаланилмаётган давлат мулки объектларидан 78 таси, шунингдек, ишлаб чиқариш майдонларидан 66 таси аниқланиб, хусусийлаштириш дастурларига киритилди.

Унга кўра, фойдаланилмаётган объектларнинг 7 таси маҳаллий давлат органлари балансига ўтказилиб, 16 таси хўжалик бирлашмалари устав фондига давлат улуши сифатида қўшилди. Шунингдек, оммавий савдоларга чиқарилган 43 та объектнинг 32 тасини инвестиция киритиш мажбурияти билан “ноль” харид қийматида сотиш кўзда тутилмоқда. Қувонарлиси, ушбу бино ва иншоотларнинг аксарияти аллақачон салоҳиятли сармоядорларга берилди. Масалан, 8-сонли Қурилаётган корхоналар бирлашган дирекциясининг Қарши шаҳридаги бўш турган ишлаб чиқариш биноси “Biss electronics system” МЧЖга сотилди. Инвестор бир йил давомида камида 22 миллиард сўмлик инвестиция киритиш, 100 тадан кам бўлмаган янги иш ўринларини яратиш орқали замонавий тайёр электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш мажбуриятини олди. Қарши шаҳридаги “1-сон Темир-бетон буюмлари” заводининг 9384 кв.м.лик очиқ маҳсулот сақлаш омборхоналари ҳам муносиб мулкдор қўлига ўтди.

Гап шундаки, у 18 ой муддатда 17 миллиард сўмлик инвестиция киритиб, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ҳамда сотиш фаолиятини ташкил этиш орқали 80 та янги иш ўрни яратиш шарти билан “Big agro export” МЧЖга сотилди.

Умуман олганда, вилоятда хусусийлаштириш дастурлари асосида 63 та давлат мулки объекти сотилди. Тузилган шартномаларга кўра, уларга 65 миллиард 686 миллион сўм ва 8 миллион 270 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиб, 1 минг 620 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

Таъкидлаш керакки, вилоятда хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш, уларга яқиндан ёрдам бериш, юзага келган муаммоларни бартараф қилишда кўмаклашиш юзасидан ҳам амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлигининг Идоралараро комиссияси, шаҳар ҳамда туманларда эса ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳлар томонидан бажарилаётган ишлар эътиборга моликдир.

Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳам фаол иштирок этиб, шакллантирилган хусусийлаштирилган кўчмас мулк ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар рўйхати ер ресурслари ва кадастр, давлат солиқ, статистика ҳамда Марказий банк бошқармаларига ва туман (шаҳар)лар ишчи гуруҳларига берилмоқда.

Ишчи гуруҳлар томонидан мазкур рўйхатдаги 4103 та хусусийлаштирилган кўчмас мулк ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар ўрганиб чиқилди. Унинг натижаларига кўра, 2283 та объект ва корхона фаолият кўрсатаётгани, 1551 таси бузилгани, 269 таси эса фаолият юритмаётгани ёки паст қувватда ишлаётгани аниқланди. Бунинг сабаблари Идоралараро комиссиянинг йиғилишида муҳокама қилиниб, тегишли тадбирлар белгиланаяпти. Бўш турган ҳамда фаолиятсиз корхона ва объектларнинг мулкдорлари билан учрашувлар ўтказилиб, уларга давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори мазмун-моҳияти, талаблари тўлиқ тушунтирилмоқда ҳамда фаолиятини қайта йўлга қўйиш чоралари кўрилаётир.

Бу каби саъй-ҳаракатлар бизнесини йўлга қўя олмаётган, тадбиркорлик соҳаси қонунчилигини пухта ўзлаштирмаганларда етарли тушунчаларни шакллантириб, уларга молиявий бошқарув, иш юритиш, солиқ, божхона тизимлари ҳуқуқий ҳужжатлари билан ишлаш бўйича зарур маълумотга эга бўлиш имконини яратаяпти. Пировардида корхоналар фаолияти изга тушиб, ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан тўл-дириш самарадорлиги ошмоқда.

Мустафхон СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга

кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси

Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn