Олдимиздан оққан дарё...
  • 26 Октябрь 2017

Олдимиздан оққан дарё...

Сурхондарё вилоятида балиқчилик тармоғи истиқболсиз, деб қарайдиганлар ҳамон орамизда йўқ эмас. Улар билан суҳбатлашсангиз, “Ҳудуд географик жойлашуви, иқлим шароити бунга йўл қўймайди”, деган важ билан фикрини исботламоқчи бўлади. Аслида ҳам шундайми?

Асло йўқ. Бу ерда балиқчиликни ривожлантириш учун етарлича шарт-шароит мавжуд. Шу боис кейинги йилларда ушбу тармоққа катта эътибор қаратилиб, кўплаб балиқчилик хўжаликлари ташкил этилаяпти. Бу ички бозорни парҳез маҳсулот билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда вилоятда балиқчиликка ихтисослаштирилган 200 га яқин фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётир.

Тадбиркорларнинг ушбу йўналишдаги бизнес лойиҳалари молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани янги субъектларнинг юзага келишида муҳим омил бўлаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 36 та балиқчилик хўжалигига 6 миллиард 300 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, кўплаб янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида яқиндан танишган “Термиз агро фиш экспорт” агрофирмасининг балиқ етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси тармоқдаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг тавсияси асосида у янада такомиллаштирилаяпти. Айни пайт-да “Термиз агро фиш экспорт” агрофирмаси томонидан Қумқўрғон ҳамда Термиз -туманларида 240 гектар майдонда замонавий сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Унинг биринчи босқичида Вьетнам технологияси асосида йилига 500 тонна, тўлиқ қувват билан иш бошлагач эса, йилига 2 минг тонна балиқ маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган. Бу қўшимча 105 та иш ўрнини яратиш имконини беради.

— Интенсив усулда балиқ етиштиришнинг афзаллиги маҳсулдорлигининг юқорилигидир, — дейди мазкур агрофирма раҳбари Нормуҳаммад Норҳамидов. — Масалан, 1 гектар майдондаги табиий кўлда 100 килограмм балиқ маҳсулоти етиштирилса, интенсив усулда мазкур кўрсаткич 20 тоннадан ортади. Айни пайтда 12 гектар майдонда сунъий сув ҳавзаси қурилиб, асосан, зоғора, оқ дўнгпешона, оқ амур каби балиқлар парваришланмоқда. Бунинг учун банкнинг 2,5 миллиард сўмлик кредити йўналтирилди. Келгусида сунъий сув ҳавзасини 45 гектарга етказишни режалаштирганмиз.

Шу билан бирга, сиғими 200 тонналик музлаткич қуриш, дудланган ва консерваланган балиқ маҳсулотлари тайёрлаш, балиқлар учун омихта ем ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш ниятидамиз.

Жорий йилда вилоятда 3 минг тоннага яқин балиқ маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб бериш мўлжалланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги мақсадли тадбирлар ижросини таъминлашда дастуриламал бўлаётир.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn