Аҳоли осойишталиги —  устувор мақсад
  • 26 Октябрь 2017

Аҳоли осойишталиги —  устувор мақсад

Ўша куни тонгда шивалаб ёмғир ёғаётганди. Fира-ширада бозорга отланган Толибжон орқасидан бўлган кучли зарба натижасида кўчанинг қарама-қарши томонига учиб тушди. Яхшиямки, ҳамроҳлари бор экан, дарров “Тез ёрдам” машинасини чақириб, яқин орадаги шифохонага етказишди.

Бу пайтда катта тезликда ҳаракатланаётган машина ҳайдовчиси одам уриб юборганини сезгач, автоуловини узоқроқ масофада қолдириб, аҳволни билиш учун ортга қайтди. Жабрланувчининг жон талвасасида ётганини кўра-била туриб, тезда воқеа жойидан қочиб кетди. 

Мазкур автоҳалокат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини оёққа турғизди. Толибжоннинг ҳамроҳи фалокат содир этган автомашина такси кўринишидаги сариқ рангли “Нексия” эканлигини, давлат рақамининг айрим белгиларинигина илғаб қолганини билдирди. Қолаверса, шу жойдаги чорраҳага ўрнатилган кузатув камераси воқеани тасвирга туширганди. Тезкор суриштирув ва тўпланган маълумотлар мутахассисларни С. Адашев кўчасида яшовчи фуқаронинг хонадонига бошлайди. Аммо у қилмишидан тонади. Ички ишлар бўлимига олиб келиниб, камера ёзувидан кўчирилган тасвирлар намойиш қилинганида эса ранги оқариб, ўзини йўқотиб қўяди. Айбини бўйнига олиб, кечирим сўрайди. Аммо энди кеч бўлганди.

Кейинги пайтларда Наманган шаҳридаги автомобиль йўлларида ўрнатилган электрон кузатув тизими бу сингари мураккаб жиноятларни аниқлашда самарали воситага айланмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 7-8 июль кунлари вилоятга ташрифи чоғида Наманган шаҳрида мазкур йўналишда тўпланган тажрибалар билан яқиндан танишди. Ички ишлар органлари ходимлари зиммасига замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, ўзаро тезкор алоқа алмашишнинг ягона тизимини яратиш вазифаси юклатилди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасига мувофиқ, бу борадаги режалар босқичма-босқич ижросини топаётир. Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида шаҳарнинг ягона геоинформацион харитаси яратилиб, унда хавфсизлик масалаларига тегишли хизмат соҳалари бўйича барча маълумотни жамлаш йўлга қўйилди. 

Бундан ташқари, марказий бошқарув хонасида пост-патруль хизмати ходимларига бириктирилган хизмат автомашиналари ва пиёда патруллик гуруҳларининг ҳаракатланиш тартиби тўғрисидаги онлайн харита яратилган. Бу автотранспорт воситаларига ўрнатилган “GPS” навигаторлари орқали кузатув ва назоратни таъминлаш ҳамда тезкор жиноят қидирув ва профилактик тадбирларни олиб бориш имконини бераётир. 

— Ҳозирги кунга қадар 126 та объектда 411 дона замонавий рақамли кузатув мосламаси ўрнатилди, — дейди Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Аловуддин Имомов. — Йирик савдо мажмуалари, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда муассасаларда ўрнатилган мазкур кузатув воситалари ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш бўйича имкониятларимизни кенгайтирди. 

Айтиш лозимки, янги тизим ҳуқуқ-тартибот соҳасининг бошқа йўналишларига ҳам жадаллик билан татбиқ этилмоқда. Жумладан, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ҳам электрон кузатув воситалари билан таъминлаш тадбирлари бошлаб юборилди. Бунда биринчи босқичда энг гавжум, транспортлар тирбандлиги юқори бўлган кўчалардаги 6 та чорраҳани видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш режалаштирилди. Айни пайтда улар синов тартибида ишлаяпти. Дастлабки таҳлиллар ушбу чорраҳалардан ўтаётган ҳайдовчилар қоидаларга сўзсиз амал қилаётганини, пиёдалар соғлиғи ва ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг кескин камайганлигини кўрсатди. 

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси -Наманганда ҳар қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарликларга зудлик билан тезкор чораларни кўриш, унинг оғир оқибатлари олдини олишда муҳим омил бўлаяпти. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn