Ёшлар учун «Очиқ эшиклар куни»
  • 21 Май 2014

Ёшлар учун «Очиқ эшиклар куни»

Ички ишлар вазирлиги Академиясида Президентимизнинг 2014 йил 19 февралдаги “Соғлом бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ҳамда шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида  “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Унда пойтахтимиздаги юридик коллежлари ва Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей ўқувчи ҳамда ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Эътироф этилганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, йигит-қизларимизни замон талабига жавоб берадиган етук малакали мутахассислар қилиб тайёрлаш борасида кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Буни ИИВ Академиясида рўёбга чиқарилаётган ишлар ва қўлга киритилаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тадбирда ўқувчи-ёшлар Академияда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ушбу ўқув юртига қабул қилиш шартлари билан атрофлича танишиш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, тергов, тезкор-қидирув, жиноятларнинг олдини олиш ва эксперт-криминалистика мутахассисликлари ҳамда Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларидаги патруль-пост, йўл-патруль, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш, қўриқлаш, ёнғин хавфсизлиги, хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати, жазони ижро этиш каби йўналишлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Дарҳақиқат, бу ерда тингловчиларнинг зарур билим олишлари учун жаҳон андозаларига мос келувчи ўқув ва моддий-техник база яратилган. Айни чоғда Академиядаги инновацион педагогик технологиялар, тест, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш, криминалистик тадқиқотлар ўтказишни ўргатиш марказлари, криминалистик полигон, намунали милиция таянч пункти ўқув маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази, тергов фаолияти мутахассислиги ўқув-методик хонаси, педагогик маҳорат мактаби, замонавий ахборот-коммуникация тизими билан жиҳозланган маъруза заллари самарали фаолият кўрсатмоқда.

— Ички ишлар тизими учун малакали кадрлар етказиб беришда мазкур билим юртининг алоҳида ўрни бор, — дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова. — Академиянинг ўқув, моддий-техник базаси, таълим муассасасининг асосий йўналишлари, унинг таркибий тузилмалари ҳамда ўқув-тарбия ва илмий тадқиқот жараёнини янада ташкиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Бу эса ўқувчиларнинг ушбу таълим даргоҳига бўлган қизиқишларини янада оширди.

“Очиқ эшиклар куни” ИИВ Академияси ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирда ўқувчиларга 2013 йилда ўтказилган “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув қўлланмаси” республика танловида биринчи ўринга лойиқ кўрилган “Мустақиллик ғойибдан келган эмас...” ўқув қўлланмаси тақдим этилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Соғлом оила ва тарғибот Қисқа сатрларда »