Жамоатчилик кенгаши ва маънавий тарбия
  • 25 Октябрь 2017

Жамоатчилик кенгаши ва маънавий тарбия

Тинчлик-осойишталик энг катта бойлик, улуғ неъматдир. Уни асраб-авайлаш нафақат юрт посбонларининг, балки барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Кеча Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ишларининг сарҳисоби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида фуқаролик назорати механизмлари” мавзуидаги анжуманда шу ҳақда фикр юритилди.

Бундан роппа-роса беш йил муқаддам тузилган Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши миллий армиямиз ва аҳоли ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Ватан ҳимоячиларининг маънавиятини бойитиш ва жанговар шайлигини оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И. Мирзаалиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Жамоатчилик кенгаши комиссия раиси Ф. Дадахўжаев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий армиямизни ислоҳ этиш ва унинг мудофаа қудратини, жанговар салоҳиятини юксалтириш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилди. Бу унинг фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим қадам бўлди.

Қайд этилганидек, Жамоатчилик кенгаши аъзолари Мудофаа вазирлиги фаолияти шаффофлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳарбий қисмларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни сақлаш, ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш, чақирувга қадар ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини такомиллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.    

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни Самарқандда бўлиб ўтган сайёр видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари таҳлил қилиниб, бу борадаги долзарб вазифалар белгилаб берилди, — дейди Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник Мақсуд Абилов. — Жумладан, маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, юрт ўғлонларида Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда ижодкор зиёлилар зиммасидаги масъулият юксак эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ана шулардан келиб чиқиб, ижодкорлар, зиёлилар мамлакатимиздаги ҳарбий қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, “Темурбеклар мактаби” ўқув масканларида бўлиб, ҳарбий хизматчиларнинг ҳаёти, фаолияти, ёш ватанпарварларнинг орзу-мақсадлари билан яқиндан танишиб бораяптилар. Бугунги анжуман ўтган давр мобайнида бажарилган ишларни сарҳисоб қилиш баробарида, келгуси чора-тадбирлар ҳақида келишиб олиш имконини ҳам берди. 

Азизбек РАМАЗОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn