Навқирон авлод учун улкан ғамхўрлик
  • 25 Октябрь 2017

Навқирон авлод учун улкан ғамхўрлик

Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йилнинг 16 июнь куни пойтахтимизнинг Учтепа туманига ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари ҳудуддаги 78-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб, уни капитал таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берганди.

Ўтган қисқа фурсатда бу ерда реконструкция ишлари ниҳоясига етказилиб, таълим даргоҳи замонавий қиёфага кирди.

Зарур ўқув анжомлари ҳамда лаборатория жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган ушбу мактабнинг очилишига бағишланган тадбирда бугун ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза этиш, билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, қатъий ҳаётий позицияга эга, ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш борасида кўплаб чоралар кўрилаётгани эътироф этилди. Бу бежиз эмас. Зеро, эртанги кунимиз, ёруғ истиқболимиз фарзандларимиз таълим-тарбиясига боғлиқдир. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ёш авлоднинг таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатлари, ижтимоий ҳимояси, уларнинг келажаги ҳақида билдирган амалий таклифлари ҳам мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан эътиборнинг яна бир ҳаётий ифодасидир.

Барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муваффақияти, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ҳамда таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан боғлиқ. Бу борадаги ишларни қатъий охирига етказиш мақсадида эса улкан ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Эътибор беринг: кейинги бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг таълим-тарбия соҳасига оид 74 Фармони, қарор ҳамда фармойиши қабул қилинган. Мақсад, фарзандларимизнинг замон талаблари даражасида, халқаро андозаларга мос таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллашига эришиш ва етук мутахассис кадрлар тайёрлаш орқали юртимиз тараққиётини таъминлашдир.

78-мактаб кутубхона фонди зарур дарслик ҳамда адабиётлар билан бойитилди. Информатика хонасида ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиши учун барча шароит мавжуд бўлиб, у ердаги компьютерлар Ziyonet интернет порталига уланган. Кенг ва ёруғ синфхоналар бугунги талаблар даражасида жиҳозланган.

Айни пайтда 1 минг 139 нафар ўғил-қиз таълим олаётган мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш учун спорт зали ҳамда спорт майдончаси ҳам мавжуд.

Давлатимиз томонидан мактаб таълимини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, албатта, соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ўқитувчи, ходим масъулиятини ошириб, зиммасидаги бурчни сидқидилдан адо этишга, ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашишга ундайди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ

олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn