Садоқат, жасорат ва рағбат
  • 25 Октябрь 2017

Садоқат, жасорат ва рағбат

Мамлакат равнақи йўлида астойдил меҳнат қилган, фидойилик, жасорат ҳамда бурчга садоқат намунасини кўрсатган ҳар бир инсон элу юрт ҳурматини қозонади, давлатимиз томонидан эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилади. Президентимизнинг жорий йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони бунинг яна бир яққол намунасидир. Зеро, мазкур ҳужжатга кўра, ички ишлар органлари ходимларидан 35 нафари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маданият саройида 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан ташкил қилинган тантанали тадбирда мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Таъкидланганидек, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, умуман, барча жабҳада қўлга киритилаётган залворли ютуқлар замирида ички ишлар идоралари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бугунги кунда ушбу тизимни такомиллаштириш ҳамда соҳа ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Хусусан, ички ишлар идоралари фаолиятини янада ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кадрларни танлаш, хизматни тўғри ташкил этиш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим ўрин тутаяпти.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида профилактика, тезкор-қидирув, тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш, патруль-пост хизматлари, алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядлари янгича қиёфада ташкил этилди. Соҳа ходимларини жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ҳамда замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Ички ишлар вазирлиги академияси, Ёнғин хавфсизлиги институтига ҳар жиҳатдан етук ёшлар қабул қилиниб, уларнинг замон талаблари асосида таълим олиш имкониятлари кенгайтирилди.

Профилактика куни муносабати билан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётгани анжуман қатнашчилари томонидан алоҳида айтиб ўтилди. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида 1 минг 355 маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган. Бунда, албатта, профилактика инспекторлари учун яратиб берилган қулай шарт-шароит ҳал қилувчи омил бўлаётир. Ҳозиргача 1 минг 551 нафар профилактика инспектори хизмат уйлари ва имтиёзли асосдаги автомашиналар билан таъминланди.

— Юртимизда тизим ходимларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбатнинг қиёси йўқ, — дейди “Мардлик” ордени соҳиби, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Янгийўл тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бўлинма командири Аваз Баймирзаев. — Кўплаб сафдошларим қаторида менга берилган давлат мукофотини камтарона меҳнатимнинг юксак эътирофи, деб биламан. Бу, ўз навбатида, зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Мамлакатимиз равнақи, халқимиз осуда ҳаёти йўлида бор куч ҳамда маҳоратимизни сафарбар этамиз.

Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури байрам тадбирига янада кўтаринкилик бағишлади.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn