Соғлом оила ва тарғибот
  • 21 Май 2014

Соғлом оила ва тарғибот

Пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва “Фаол” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ёшларнинг оила қуриш кўникмаларини ошириш ва улар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш чораларини кўришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда қайд этилганидек, Президентимиз раҳнамолигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, ўзаро ишонч, меҳр-муҳаббат, орзу-умид ва миллий қадриятлар қўрғони бўлган оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмушни қарор топтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури бу борадаги ишларнинг кўламини кенгайтириб, мазмун-моҳиятини янада бойитишда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Соғлом бола соғлом оилада туғилади, камолга етади. Ёшларда оила ва оилавий муносабатлар, оила масъулияти ҳамда оила психологиясига доир билим ва кўникмаларни ошириш соғлом оилаларни шакллантиришнинг асосий шартларидандир. Никоҳ ёшига етмаган, ўз мустақил фикри ва позициясига эга бўлмаган, жамиятда муносиб ўрнини топиб улгурмаган қиз ёки йигитнинг оила қуриши келгусида ўзаро келишмовчилик ва кўнгилсизликларга, энг ачинарлиси, ажралишларга сабаб бўлиши мумкин. Мамлакатимизда эрта никоҳларнинг олдини олиш, ушбу ижтимоий муаммонинг сабаб ва оқибатларини чуқур ўрганиб, зарур чора-тадбирларни кўришга  эътибор ошаётгани бежиз эмас. Муҳими, мазкур масалада нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бормоқда.
Хусусан, “Фаол” нодавлат нотижорат ташкилотининг “Ёшларнинг оила қуриш кўникмаларини ошириш ва улар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш чораларини кўриш” лойиҳаси айни мақсадга йўналтирилгани билан эътирофга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган ушбу лойиҳага кўра, Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчи-ёшлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси психологлари, тиббиёт ходимлари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилари, шунингдек, ота-оналар иштирокида мавзу юзасидан семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилди. Мазкур жараёнда ёшларнинг, ота-оналарнинг, маҳалла институти, таълим муассасалари вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди.
Соғлиқни сақлаш, адлия тизими, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари вакиллари, “Маҳалла”  хайрия жамоат фонди, пойтахтимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган анжуманда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш, мактабларда, лицей ва коллежларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзуни янада кенг қамровда ёритиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn