Экологик софлик таъминланади
  • 19 Октябрь 2017

Экологик софлик таъминланади

Келгуси ойда Париж шаҳар кенгаши ички ёнув двигателларига эга автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқади.

“France Info” радиостанцияси хабарига кўра, бундай чекловни 12 йилдан сўнг амалда татбиқ этиш кўзда тутилган. Дизель ёнилғисида ҳаракатланадиган машиналарни бошқариш эса ушбу муддатдан ҳам эртароқ, яъни 2024 йилдан эътиборан ман қилиниши режалаштирилмоқда. Уларнинг ўрнига электромобиллар, жамоат транспортлари ва велосипедлардан кенг фойдаланишга ўтилади. Бундан кўзланган мақсад эса атроф-муҳит мусаффолигини сақлашдир.

 

Янги галактикалар аниқланди

Хитой, АҚШ ва чилилик олимлар жамоаси фазони ўрганиш жараёнида янги кашфиётга эришди. 

Аниқроғи, улар олтита галактикани аниқлашди. Манбада қайд этилишича, мазкур коинот объектлари “Буюк портлаш” деб аталувчи ҳодисадан 550 — 800 миллион йил ўтиб пайдо бўлган.

“Биз самовий жисмларнинг шаклланиш жараёнини ўрганиш учун асос яратдик”, дейишди мутахассислар.

Астрономлар гуруҳи ушбу тадқиқотни Чилидаги Серро-Тололо ва Лас-Кампанас расадхоналарида олиб боришган.

 

3D-принтерда яратилган кўприк

Нидерландиянинг Гемерт шаҳрида 3D-принтери ёрдамида яратилган дунёдаги дастлабки кўприк фойдаланишга топширилди, дея маълум қилди маҳаллий “NOS” телерадиокомпанияси.

Ушбу ноодатий ин-

шоот велосипедлар учун мўлжалланган. Унинг узунлиги 8 метр бўлиб, уч ой давомида Эйндховен техника университети лабораториясида тайёрланган. 800 та бетон қатламдан иборат кўприк 40 та юк машинаси оғирлигини кўтара олади.  

Мутахассислар яқин келажакда 3D-принтеридан фойдаланиб, тураржой биноси ва бошқа конструкциялар барпо этишни мақсад қилишган.

  

Қишки Олимпиадага ҳам даъвогар

АҚШ миллий олимпия қўмитаси директорлар кенгаши раиси Ларри Пробст ўз мамлакати қишки Олимпиадани ўтказишга ҳам қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Бу ҳақда news18.com интернет нашри хабар берган.

Унинг айтишича, бу 2030 йилги қишки Олимпиада бўлиши керак. Агар Халқаро Олимпия қўмитаси 2026 ва 2030 йиллардаги қишки Олимпиадаларнинг мезбон шаҳарларини бир вақтда аниқлаш масаласини кўриб чиқса, АҚШ мазкур мунозараларда қатнашиш истагидадир.

Эслатиб ўтамиз, XXXIV ёзги Олимпиада баҳслари 2028 йили мазкур давлатнинг Лос-Анжелес шаҳрида ташкил этилади.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn