Соғлом жамият таянчи
  • 19 Октябрь 2017

Соғлом жамият таянчи

Бугун инсоният мислсиз ютуқларга эришмоқда. 

Бироқ ўз келажаги учун хатарли бўлган иллатлардан буткул қутулиш чорасини тополмаётгани ҳам бор гап. Бу, албатта, барчани янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундайди. Шу маънода, фарзандларимизни турли балолардан муҳофаза этиш, она-Ватанга -муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш, фан ҳамда спорт тўгаракларига кенг жалб қилиш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳар қачонгидан-да долзарб саналади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган эзгу ғоя моҳиятида ҳам ушбу ҳаётий зарурат яққол ифодасини топган. Бу борада, шубҳасиз, оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Президентимизнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида таъкидланганидек, ўсиб келаётган авлод айнан оилада маънавий-ахлоқий тарбия олади, масъулиятли бўлишни ҳамда лоқайд бўлмасликни ўрганади.

Юртбошимиз нуфузли анжуманда мазкур муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзуида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилдики, бу ҳам оилапарвар халқимиз дилидаги гап бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳар бир оила фаровонлигини таъминлаш, уларни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яъни оналик ҳамда болаликни муҳофазалаш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун шарт-шароит яратиш, ёшларда эркин фикрлаш кўникмасини шакллантириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти.

Айни жараёнда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашлар ва юртимиздаги мавжуд 9 мингга яқин фуқаролар йиғинларининг муносиб ўрни бор. Хусусан, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти, оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда фаровонлигини оширишга доир услубий тавсиялар бериш кўникмасини ривожлантириш мақсадида шу йил 28 март — 10 апрель кунлари барча туман ва шаҳарларда “Мулоқот маданияти — оилалар билан самарали иш олиб боришнинг муҳим омили сифатида” мавзуида ўқув-семинарлар ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг меҳнат миграцияси салбий оқибатлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, диний экстремизм ҳамда ақидапарастлик, одам савдоси, фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда таълим муассасаларида таълим-тарбия сифати, давомат ва бандликка оид ишларни ўрганиш ҳамда услубий-амалий ёрдамлашиш мақсадида жойларда аҳоли билан -учрашувлар ташкил этилди.

Фуқаролар йиғинларидаги “Ота-оналар университетлари” томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига оид ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш бўйича 42 мингга яқин, маънавий-ахлоқий билимларини бойитиш -юзасидан 46 минг, физиологик билимларини оширишга қаратилган 27 мингдан зиёд тадбирлар ўтказилишида амалий кўмак берилди. Қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдамлашиш, эрта никоҳ ҳамда оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ва турли маросимларни ихчам ҳамда тартибли ўтказиш бўйича маҳаллаларда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ҳамкорлигида 18 мингдан ортиқ тадбирлар уюштирилди. Бевосита маҳалла маслаҳатчилари томонидан эса 4,5 миллионга яқин оила, жумладан, 2 миллиондан ортиқ ёш оилалар ўрганилди. Натижада 28 мингта оилада низоли ҳолатларнинг олди олинди.

Азалдан кайвони момою боболаримиз бирор-бир аразлашган оила бўлса, эр-хотинни муросага чақириб, уларнинг иноқлашиб кетишларига кўмаклашганлар. Бу вазифани бугунги кунда фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари бажариб келмоқда. Улар томонидан ажралиш ёқасига келиб қолган 47 мингдан зиёд оилалар яраштирилгани эътиборлидир.

Оилаларда соғлом муҳитни қарор топтиришда доимий равишда ўтказиб келинаётган турли спорт мусобақаларининг ҳам аҳамияти катта бўлаётир. Хусусан, “Соғлом оила” шиори остида уюштирилган “Отам, онам ва мен — спортчи оила” мусобақаси оилалар бирдамлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган.

Маҳаллаларда ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, бу борада мутасадди ташкилотлар томонидан муаммоларнинг бартараф этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини изчил амалга ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, шу мақсадда туманлар ва шаҳарлар кенгашлари қошида жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил қилинди.

Улар томонидан маҳалла ҳамда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ва аҳоли кайфияти, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, ўқувчилар давомати, аҳоли, айниқса, -коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшларнинг вақтини самарали ташкил этиш масалалари ўрганилмоқда. Аниқланган камчилик ҳамда муаммоларни вақтида бартараф қилиш юзасидан таклифлар тайёрланиб, мутасадди ташкилотларга тақдим этилмоқда ва ижроси назоратга олинаяпти.

Биргина шу йилнинг 9 ойи мобайнида республикамиз бўйича 5 миллион 615 мингдан ортиқ хонадонларда ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди, 15 миллион 770 мингдан зиёд аҳоли билан мулоқот ўтказилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммоларнинг 403 мингдан кўпроғи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мутасадди ташкилотлар томонидан қисқа муддатларда ҳал қилинди, 227 тага яқини тегишли дастурларга киритилди.

Умуман, мамлакатимизда оила институтини янада ривожлантириш, ҳар бир оилани ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора изчиллик касб этмоқда. Бу пировардида жамиятнинг ушбу муҳим бўғинининг улкан таълим-тарбия маскани сифатида шаклланишига замин яратади.

Дилшода МИРЗАЖОНОВА,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn