Ёшлар масаласи ижодкорлар нигоҳида
  • 19 Октябрь 2017

Ёшлар масаласи ижодкорлар нигоҳида

 Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етишига боғлиқ эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай жамият келажагининг ҳал қилувчи кучи ёшлардир. Эртамиз эгаларининг ҳар томонлама соғлом, юксак маънавиятли бўлиб улғайишида санъат ва адабиётнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Давлатимиз раҳбари шу йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда бунга алоҳида эътибор қаратиб, бугунги кунда юртимизда “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланганини қайд этди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш юзасидан муҳим вазифаларга тўхталди. Уларни ҳаётга татбиқ этишда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чақирди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Бадиий академия ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон давлат консерваториясида ёш ижодкорлар -семинарининг ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам адабиёт, театр ва кино, мусиқа ҳамда тасвирий санъат, журналистика соҳаларида фаолият юритаётган, таълим олаётган ёшлар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини қарор топтириш ҳамда мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбир иштирокчилари Президентимиз раҳнамолигида изчил амалга оширилаётган ёшлар сиёсати замирида соғлом келажагимиз, мусаффо осмонимиз, фаровон ҳаётимизни таъминлашдек эзгу ниятларимиз рўёби мужассам эканини таъкидлашди.

2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эртамиз эгаларининг эзгу орзу-интилишларини, соғлом ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, унинг зиммасига қатор вазифалар қўйилиши, имтиёзлар берилиши ёшлар ишига барчани бирдек жалб қилиш билан бирга, ижодкорларга ҳам чексиз илҳом бағишлаши керак.

Семинарда “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда маданият ва санъат муассасаларидан унумли ва самарали фойдаланиш имкониятлари”, “Ёшлар ҳаётида мақом санъатининг тутган ўрни ва аҳамияти”, “Миллий эстрада санъати: дахлдорлик ва масъулият”, “Уюшмаган ёшларни маданият ва санъат воситасида мақсадли уюштириш”, “Бугунги кунда маданият ва санъат соҳасида кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Дилшод КАРИМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn