Адолат, ҳақиқат ва поклик
  • 19 Октябрь 2017

Адолат, ҳақиқат ва поклик

суд тизими ходимлари фаолиятида асосий мезонлардир

“...Бир гал ноҳақ айбланган ўқитувчининг ишини судда кўриб, унинг айбсиз эканлигини исботлаганимизда, судланувчи бошида бунга ишонмади. Кейин адолат қарор топганини билиб, “Мана, ҳақиқат бор экан-ку”, деб кўзига ёш олганида ўзимни жудаям бахтли ҳис этганим ҳозиргидек эсимда...”

Бу кўп йиллардан буён суд органларида самарали меҳнат қилиб келаётган Аблқосим Рўзиқулов фаолиятидан биргина мисол. Аслида у 20 йиллик фаолияти давомида ноҳақ айбланган қанчадан-қанча одамларни оқлади. Ўқишни тамомлагач, дастлаб ички ишлар ва адлия органларида меҳнат қилди. Кейинчалик Сурхондарё вилоятининг бир қатор туманларида жиноят ишлари бўйича суд раиси вазифасида ишлади. Ҳозирги вақтда Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди раиси ўринбосари бўлиб фаолият юритаётган ҳуқуқ-тартибот соҳаси вакили кўп йиллик самарали хизмати учун давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири — “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.  

— Суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келганлигини алоҳида таъкидлади, — дейди 

А. Рўзиқулов. — Ўз навбатида, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганига эътибор қаратди. Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси судьяларининг мамлакат халқига мурожаати қабул қилинди. Унда, жумладан, “Судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда бор билим ва тажрибамизни сафарбар этамиз. Судга борган ҳар бир фуқаро фақат адолат топишига кафолат берамиз”, дейилади. Бунга эришиш осон эмас, албатта. Бунинг учун онгимизда — адолат, тилимизда — ҳақиқат, дилимизда эса поклик устувор бўлиши талаб этилади.

Судни адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Зеро, мазкур ҳужжатда ҳар бир шахсга Конституциямизда белгиланган ўз ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш, одил судловни амалга ошириш, судьялар қабул қилаётган қарорларнинг адолатли бўлишига эришиш билан боғлиқ долзарб масалалар ўз ифодасини топган.

— Илгари судьялар малакасини ошириш бўйича ҳайъат бўларди, — дейди суҳбатдошимиз. — Гап шундаки, мазкур ҳайъат томонидан ёш судьялар олиб бораётган ишлар бугунги давр талабларига қанчалик жавоб бериши назорат қилинарди. Суд жараёнида қатнашиб, иш кўриб бўлинганидан кейин йўл қўйилган хатолар муҳокама қилинарди. Яъни судьядан тортиб, барча ходимнинг ўзини тутиши ва ҳатто, кийиниш маданиятига ҳам эътибор қаратиларди. Ана шуни қайта йўлга қўйсак, нур устига нур бўларди. Чунки кейинги вақтда суд ишини ташкил этишдаги айрим камчиликлар, масалан, чақирилувчилар етиб келмагани туфайли суднинг бир неча марта ортга сурилиши, жиноят ишини яхши ўрганмасдан, шошилиб судга тақдим этиш, суд қарорининг судланувчига вақтида берилмаслиги ёки суд ҳукми ўқилгандан кейин томонларга унинг мазмуни тўлиқ тушунтирилмаслиги билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмоқда. 

Вилоят суди раиси ўринбосарининг айтишича, суд ишида муомала маданияти жуда муҳим ҳисобланади. Сабаби, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқи ва қадр-қиммати эъзозланган жойда суд ва қонунларга ҳурмат ошади. 

— Биз ёш ҳамкасбларимизга ўз тажрибамизни ўргатиш баробарида, шу масалалар ҳақида ҳам кўпроқ тушунчалар бериб борамиз, — деди у. — Зеро, бундай ҳаракатлар ёш судьяларни етук ва ҳалол кадрлар қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn