“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси пахта теримида қатнашмоқда
  • 17 Октябрь 2017

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси пахта теримида қатнашмоқда

Юртимиз деҳқону фермерлари бу йилги табиат инжиқликларига қарамай, мўл пахта ҳосили етиштиришга муваффақ бўлдилар. Бу муҳим саноат хом ашёси ёғин-сочинли кунларга қолдирилмасдан, сифатли йиғиб-териб олиниши, нафақат тўқимачилик ва енгил саноат ривожига, балки жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётига хизмат қилади. 

 

Гап шундаки, бир килограмм пахта толасидан 140 та калава ип ёки 900 грамм йигирилган ип, ундан эса 5 метр газлама тўқиш мумкин. Ушбу газламадан камида 3 та юқори сифатли тайёр кийим тикилади. Агар мамлакатимизда ҳар йили ўртача 1 миллион тонна тола ишлаб чиқарилаётганини инобатга оладиган бўлсак, тармоқнинг иқтисодиётимиз ривожида нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас. 

 

Қувонарлиси, кейинги йилларда ўзбек пахта толаси ва у асосида тайёрланган табиий  маҳсулотлар жаҳон бозорида харидоргир бўлиб бораяпти. Экспорт ҳажмининг ортиши давлатимиз хазинасига қўшимча даромад келтириши билан бирга, аҳоли учун қулай ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилаётган маблағлар ҳажмини кўпайтириш, қолаверса, нафақалар, талабалар стипендияларининг ўз вақтида тўланишига, энг асосийси, аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратмоқда.

Қолаверса, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлайдиган йирик ва кичик корхоналарда минглаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизлар доимий ва даромадли иш билан таъминланмоқда. Шу маънода, саноат корхонларнинг барқарор фаолият юритиши, экспортбоп маҳсулот тайёрлаш ҳажмининг кўпайиши бевосита бугун чаноқларда лўппи-лўппи очилиб турган пахтанинг йиғиб-териб олинишига боғлиқ. 

 “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти жамоаси вакиллари яқинда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлиб, пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётган дала меҳнаткашлари, илғор фермер ва ҳашарчилар билан учрашиб, маънавий-маърифий мавзуларда бевосита иш устида суҳбатлар уюштириб, пешқадам теримчиларга эсдалик совғалари топшириб қайтишганди. Энди ҳосилни тезроқ йиғиштириб олишга кўмаклашиш мақсадида таҳририятнинг ижодий жамоаси вакиллари Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Пардабой Одилов” фермер хўжалиги далаларига пахта теримига чиқишди. Арғамчига қил қувват деганларидек, ижодкорларнинг бу ҳимматидан фермер хўжалиги аъзолари беҳад миннатдор бўлганини изҳор этишди. Албатта, бу “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари жамоасининг деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнатига алоҳида ҳурмати ифодаси, саноатимиз тараққиётига муносиб ҳиссаси бўлади. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn