Мангуликка муҳрланган эҳтиром
  • 17 Октябрь 2017

Мангуликка муҳрланган эҳтиром

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Амир Темур ва темурийлар даври тарихий ҳақиқатини тиклаш, уни халқимизга тўғри ва ҳаққоний етказиб бериш борасидаги хизматлари беқиёсдир. Ёшларимизнинг соҳибқирон Амир Темурнинг инсоният тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси аҳамияти, у қолдирган бетакрор меросдан баҳраманд бўлишини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда Амир Темур ҳайкали ўрнатилиб, Темурийлар тарихи Давлат музейи барпо этилган эди.

1996 йилнинг 18 октябрида очилган музей биноси ўзида темурийлар даври ва замонавий меъморчилик санъати услубларини мужассамлаштирган. Бино Амир Темур давридаги саройлар кўринишида қурилган бўлиб, унинг ўзи бир музейдир. У доира шаклида бўлиб, катта қуббали гумбаз, кўп устунли очиқ айвонга эга. Музей биноси мустақиллик даврида бунёд этилган энг ноёб иншоотлардан бири бўлиб, замонавий маъморчилик талабларига тўла жавоб беради.

Музейнинг асосий мақсади — Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ҳамда маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини борича акс эттириш ва кенг тарғиб қилиш, инсонпарварлик ғояси билан суғорилган тарихий ютуқларимиз ҳамда анъаналаримиз асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида камол топтириш ва миллий истиқлол ғоясини сингдиришга қаратилган.

Тарихий, маданий, маърифий фанларнинг етакчи йўналишлари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, республика ва хорижий мамлакатлар жамоатчилигини темурийлар даври тарихи билан таништириш, темурийлар тарихи даврига оид манбаларни тўплаш бўйича республика ва чет элларда изланишлар олиб бориш, Амир Темур ҳамда темурийларнинг жаҳон фани маданиятига қўшган улкан ҳиссасини кўрсатиб берадиган ҳужжатлар, қўлёзмалар, моддий-маънавий ёдгорлик ва топилмалар воситасида ўзбек халқи тарихини ёритувчи доимий ҳамда вақтинчалик экспозиция ва кўчма кўргазмалар ташкил этиш ҳам мазкур масканнинг устувор вазифалари қаторига киради. 

Ушбу муҳташам кошона ўтган йиллар давомида илмий-маънавий-маърифий даргоҳга айланди. Пойтахтимизга ташриф буюраётган меҳмон ўз саёҳати режасига мазкур масканни албатта киритади. Бу бежиз эмас. Чунки ўзбек давлатчилик тарихининг шаклланиши ва ривожланиши айнан музей экспозицияларидаги тарихнинг жонли гувоҳлари — экспонатлар орқали намойиш этиб келинмоқда.  

Бу ерда 5000 дан ортиқ экспонатлар сақланмоқда. Улар коллекцияларга ажратилган бўлиб, мутахассислар томонидан доимо илмий-амалий жиҳатдан ўрганиб борилади. Амир Темур даврига оид бўлган кўргазмалар ташкил этилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола қилинаяпти. Улар орасида “Жаҳон хазиналаридаги темурийларга оид жавоҳирлар” кўргазмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўтган йиллар мобайнида “Музейлар оқшоми”  маънавий-маърифий тадбирлари ўтказилганлиги, 2010 йилдан буён анъанага айланган  “Музейлар: кеча, бугун ва келажак истиқболлари” илмий-амалий семинарлари ҳам соҳа вакиллари томонидан музейшунослик илмини янада ривожлантириш  чора-тадбирлари ишлаб чиқилишига алоҳида туртки бераяпти. Ҳар йили соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд куни нафақат музей ходимлари, балки юртимиз аҳли ва музейимиз меҳмонлари учун ҳам катта тантана сифатида кутиб олинади. Тадбир доирасида турли маънавий-маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этилади. 

Шу йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги билан ҳамкорликда Темурийлар тарихи Давлат музейи биносида ўтказилган “Темурийлар даврида илм-фан ва маданият” мавзуидаги халқаро илмий конференцияни  ҳам алоҳида келтириб ўтиш жоиз. Унда Франция, Нидерландия, Туркия, Озарбайжон, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатлардан ташриф буюрган хорижлик темуршунос олимлар  музейнинг ўзига хос тарзда бунёд этилганлигини, бу аждодларга эҳтиромнинг ёрқин намунаси эканлигини эътироф этдилар.

Музейга фахрий меҳмонлар ташрифи мунтазамлик касб этган. Масалан, яқинда Молдова, Беларусь, Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари, Татаристон Республикаси президенти Рустам Минниханов, Туркия бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш ва бошқа меҳмонлар келиб, ўз эътирофларини билдиришди. 

Буларнинг барчаси халқимиз ўтмишига, улуғ алломаларига бўлган юксак ҳурмат ифодасидир.  Бинобарин, Амир Темурнинг ибратли фаолияти бугунги кунларимиз учун ҳам муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек:  “Буюк Соҳибқирон бобомизнинг  “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин”, деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур”. 

Дилафрўз ҚУРБОНОВА,

ЎзР ФА Темурийлар тарихи

Давлат музейи катта илмий ходими,

тарих фанлари номзоди.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn