Энг улуғ меҳнат — фарзанд тарбияси
  • 15 Октябрь 2017

Энг улуғ меҳнат — фарзанд тарбияси

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида эгаллайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, билимли, соғлом фикрли, хуш табиатли одамлар даврасида, қулай шарт-шароитларда улғайган бола бунинг акси бўлган муҳитда ўсган тенгдошидан ўзини эркин тутиши, одоб билан сўзлаши, юриш-туриши билан ажралиб туради. Зеро, халқимиз “Дарё чучук — ариқ чучук, дарё аччиқ — ариқ аччиқ”, деб бежиз айтмаган.

Бугун хонадонида барвақт уйғониб, ўзининг севимли масканига ошиқаётган болажонлар юзида қувонч, кўзида ҳаётга иштиёқ, келажакка ишончни кўрамиз. Бу уларга давлат миқёсида қаратилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик ифодасидир.

Халқимиз — болажон. Фарзандлари саодатли бўлишини, илму ҳунарда юксак чўққиларга эришишини истайди. Ўғил-қизининг бахту камоли учун елиб-югуради.

Истиқлол йилларида ана шундай эзгу фазилатлар янгича маъно ва шаклда намоён бўлди. Ҳатто, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида мамлакатимизда мураккаб иқтисодий-сиёсий муаммолар мавжудлигига қарамай, таълим тизимига халқимиз тақдири ҳамда келажагини ҳал этадиган муҳим масалалардан бири сифатида алоҳида аҳамият берилди. Жамиятнинг энг катта бойлиги бўлмиш ёшларга ўзлигини топиши, ўзини намоён қилиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шу йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги сифат босқичига кўтарди. Халқимизнинг жисмонан соғлом, ақлан етук, руҳан тетик, маънан юксак авлодни тарбиялашдек улуғ орзуси рўёбининг улкан пойдевори янада мустаҳкамланди.

— Тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев. — Онгу тафаккур, ҳаётга муносабату ёндашувлар мудом ўзгариш ва янгиланишда бўлади. Барча соҳада талаблар муттасил кучайиб боради. Айниқса, фан-техника инқилоби рўй берган, ривожланиш шиддатли тус олган бугунги глобаллашув даврида замон билан ҳамнафас қадам ташламаслик, эришилган ютуқ ҳамда марралар билан чегараланиб, хотиржамлик ва бепарволик кайфиятига берилиш, шубҳасиз, халқимизнинг эзгу мақсадларига тўғри келмайди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактабгача таълим соҳасида олиб бораётган ишларимиз етарлича самара ҳамда натижа бермаётгани ўз вақтида аниқланди. Таҳлиллар бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил қилишини, сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камайганини, олис қишлоқ ва овулларда ҳатто бундай масканларнинг йўқлигини, мавжудларининг ҳам моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ҳамда қарорлар бу борадаги мавжуд муаммоларни самарали бартараф этишда айни муддао бўлмоқда.

Мутасаддиларга болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил, мослашувчан моделларни, эртамиз эгаларини тараққий топган мамлакатлардаги сингари ижтимоий, -шахсий, ҳиссий, нутқий, математик, жисмоний ва ижодий ривожлантиришга, уларнинг онгу қалбида атроф-муҳитга меҳр-муҳаббат уйғотишга йўналтирилган махсус давлат таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш юзасидан топшириқлар берилган.

Бу борада хорижий давлатлар илғор тажрибасидан кенг фойдаланилиши келажагимиз ворисларининг маънавий оламини асраб-авайлаш, қалбида Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга ҳурмат туйғуларини шакллантириш билан бирга, уларнинг тафаккурини кенгайтириш, ижтимоийлашуви, мактабгача ёшга оид тегишли фаолият турлари асосида ташаббускорлиги ва ижодий қобилиятларини юксалтириш, мулоқот доирасида катта ёшдагилар ҳамда тенгдошлари билан дўстлашиш имкониятларини очишга хизмат қилади.

Болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6 минг 100 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этиш, мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 3 — 6 ёшли болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлаш белгилангани ҳам қувонарлидир.

Қабул қилинган ҳужжатлар ижроси доирасида 2017 — 2021 йилларда 2 минг 200 мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиши, айниқса, қишлоқ жойларда янги мактабгача таълим масканларининг қурилиши ҳамда уларга беш-олти ёшли болаларнинг тўлиқ қамраб олиниши, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловининг 30 фоиз камайтирилиши алоҳида аҳамиятга молик. Бу болаларнинг қаровсиз қолмаслигига, ота-оналарнинг эса ўзлари хоҳлаган фао-лият билан эркин шуғулланишига, пировардида оилалар фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар “Ишласам, жамиятга нафим тегса, фарзандим ҳам қаровсиз қолмаса, вақтида овқатланиб, вақтида дам олса, тоза-озода жойда ўйнаса, яхши ўртоқ-дўст топса, малакали педагоглардан таълим-тарбия олса”, деган орзу-истак билан яшаётган минглаб ота-оналарни чексиз қувонтиргани, -шубҳасиз.

“Бола бошидан...” Бу ибора кўпинча унинг тўғри ё нотўғри тарбия олаётганига ишора сифатида таъкидлаб келинади. Халқимиз орасида кўп айтиладиган тарбияга оид эски, шунинг билан бирга, ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайдиган, мағзи бутун, ўта мазмунли яна бир нақл ҳам бор: “Боланинг зуваласи одобдан, пишса яхши, пишмаса, азоб”.

Шу маънода, эндиликда уйда ота-она, мактабгача таълим муассасасида тарбиячилар, педагоглар болажонларимизнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан камолга етиши учун ўзаро ҳамкорликда меҳнат қилишади. Аслида, энг улуғ меҳнат фарзанд тарбиясидир. Зеро, эртанги кунимизнинг гўзаллиги, ободлиги, фаровонлиги, маънавият юксаклиги айнан шу жараёнга боғлиқ.

Дилшод КАРИМОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn