Ислоҳотлар моҳиятида инсонпарварлик тамойиллари устувор
  • 03 Октябрь 2017

Ислоҳотлар моҳиятида инсонпарварлик тамойиллари устувор

Бугун мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат -идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган эзгу ғоялар асосида олиб борилаётган чуқур -ислоҳотлар ўзининг беқиёс самараларини бермоқда. Бу эса нафақат юртдошларимиз томонидан зўр мамнуният билан эътироф этилмоқда, айни чоғда хорижлик экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг қайси ҳудудига бормасин, одамларнинг турмуш шароитини тубдан яхшилаш, ҳаёт даражасини сифат жиҳатидан юксалтириш, шаҳару қишлоқларни обод қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб беради. Президентимизнинг жорий йил 6 май куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманига ташрифи ҳам шундай бўлди. Ҳудудда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, бу борада тақдим этилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича қимматли тавсиялар берди ҳамда йўл-йўриқлар кўрсатди.

Шундан келиб чиқиб, ўтган қисқа даврда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилаётир.

 

Сифатли патронаж хизматидан аҳоли мамнун

Юртбошимиз ҳудуддаги 32-оилавий поликлиникага ташриф буюриб, унинг иш жараёни билан яқиндан танишган ва бу ердаги мавжуд муаммоларни вақтида бартараф қилиш, тиббиёт муассасаси фаолияти самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш юзасидан ўз тавсияларини берган эди.

Шулар асосида бу ерда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий андозадаги тиббиёт муассасаси қад ростлади. Буни поликлиникага кирган заҳоти сезиш мумкин. Рўйхатхонага ўрнатилган катта монитордан мазкур муассаса шифокорларининг сурати, хонаси, йўналиши, қабул вақти, умуман, керакли барча маълумот ўрин олган. Бу орқали бемор кимнинг қабулига, қачон кириши мумкинлигини бир зумда билиб олади.

Ана шундай қулайликларга эга оилавий поликлиника жамоаси 27 минг 300 нафарга яқин аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлади.

— Яширишнинг ҳожати йўқ, илгари поликлиникамиз ачинарли аҳволда эди, — дейди мазкур муассаса бош шифокори Нигора Саидова. — Биномизнинг санитар аҳволи тиббиёт маскани талабига умуман жавоб бермасди. Ишимизда камчиликлар кўзга ташланаётганди. Шинам, замонавий кўринишдаги кўркам бинони қуриб-битказиш, зарур тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш ҳамда ишга тушириш учун атиги 4 ой етарли бўлди. 

Очиғи, ташрифгача биз патронаж тизими аҳамиятини бир оз унутган эдик. Давлатимиз раҳбарининг аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш, фаолиятимизни профилактик ва патронаж ишига йўналтириш ҳамда тез тиббий ёрдамни такомиллаштириш юзасидан берган топшириқлари бизни сергак торттирди. Шу асосда фаолиятимизни қайта ташкил этдик.

Поликлиникада тез тиббий ёрдам пункти очилиб, махсус транспорт воситалари билан таъминлангани чақирувларга қисқа фурсатларда етиб бориб, беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда қўл келаётир. 

— Қаранг, қисқа вақтда шунча ишлар бўлди, — дейди шу ҳудудда истиқомат қилувчи Адолат Пурматова. —  Шифокор ва ҳамширалар уйма-уй кириб, ҳар бир инсон саломатлиги билан қизиқаётгани, зарур бўлса, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатаётганидан барча мамнун. 

 

Фарзандлар иқболи учун

Юртимизда эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун барча қулайлик муҳайё қилинмоқда. Нафақат шаҳарлар, олис қишлоқларда ҳам замонавий кўринишдаги мактаб, лицей, мактабгача таълим муассасаси ҳамда спорт иншоотлари қурилаяпти. Президентимизнинг Яшнобод туманига ташрифидан сўнг ҳудудда барпо этилган 15-мактабгача таълим муассасаси биноси ана шу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми бўлди.

— Қизим Нилуфархоннинг олдинлари боғчага чиққиси келмасди, энди бўлса, ҳаммадан эрта туриб олиб, “Қачон боғчага борамиз?” деб хархаша қилгани-қилган, — дейди Муяссар Эгамбердиева. — Шунинг ўзиданоқ бу ерда вазият ўзгарганини англаш мумкин. Гуруҳлар учун мўлжалланган хоналар ёруғ ва шинам бўлишидан ташқари, -керакли барча анжом ҳамда таълим-тарбия воситалари билан тўлиқ жиҳозланган. 

Жорий йилнинг 4 сентябрида фаолият бошлаган ушбу муассасада айни пайтда 180 нафар болажон таълим-тарбия олмоқда. 

— Бу ерда нафақат болажонлар, балки биз, тарбиячилар учун ҳам барча шароит яратилган, — дейди Умида Бўриева. — Бу бизга янада катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, ўз устимизда ишлаб, болалар таълим-тарбияси билан боғлиқ илғор тажрибаларни, янгиликларни фаолиятимизга татбиқ этиш мақсадида астойдил ҳаракат қилаяпмиз. 

Умуман олганда, Президентимизнинг Яшнобод туманига ташрифидан сўнг ҳудудда бири-биридан кўркам турли объектлар ишга туширилишидан ташқари, мавжудлари фаолиятини тубдан яхшилаш устида жадал саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Муҳими, бундай эзгу тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудида изчил давом эттирилиб, юртдошларимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратилмоқда. Зеро, республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятида инсонпарварлик тамойиллари устувордир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn