Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида
  • 15 Май 2014

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Гендер тенглик ва аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар ва вилояти прокуратуралари ходимлари, парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Тошкент давлат юридик университети ҳамда бошқа олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалари ва тингловчилари, шунингдек, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий негиз яратилиб, уларнинг оиладаги ўрнини, шу жумладан, жамият ва давлат бошқаруви ҳамда халқаро алоқаларда фаол иштирокини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган давлат дастурлари асосида хотин-қизларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлашга оид бир қатор вазифалар ижро этилмоқда.

Конференцияда мамлакатимизда хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ишлар хусусида сўз юритилди, шу билан бирга, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳокама этилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлашга оид қонунлар ижроси назорати натижасида аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир иштирокчилари аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу соҳада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги фаолият самарадорлигини ошириш зарурлигини қайд этишди.

Шу билан бирга, қизларнинг эрта турмушга чиқиши, унинг салбий оқибатлари хусусида сўз юритилиб, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга доир жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Конференцияда муҳокама қилинган масала бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn