Телефон тармоқларидан фойдаланувчилар учун қулайлик
  • 15 Май 2014

Телефон тармоқларидан фойдаланувчилар учун қулайлик

Кеча Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари рақамлаш тизимини такомиллаштириш” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шошилинч ҳамда тезкор хизматлар телефон рақамларини тизимлаштириш, халқаро стандартлар асосида шаҳарлараро ва халқаро алоқа тармоқларига уланишни ташкил этиш мақсадида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берилди.
Қайд этилганидек, лойиҳани амалга ошириш учун коммутация марказларини НГН технологиялари асосида дастурий таъминот маҳсулотлари билан таъминлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида шошилинч ва тезкор хизматлар телефон рақамларининг ўзгариши, шаҳарлараро ва халқаро телефон тармоқларига чиқишда ишлатиладиган олд рақамларни халқаро стандартлар асосида уйғунлаштириш босқичлари, аниқ вақтлари қайд этилди.
Режага мувофиқ, жорий йил май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб шошилинч ва тезкор хизматларнинг “0Х” билан бошланадиган телефон рақамларини “10Х” тизимига, “0ХХ” тизимидаги телефон рақамларини “10ХХ” тизимига ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган ва бу бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Шаҳарлараро ва халқаро телефон тармоқларига чиқишда ишлатиладиган олд рақамларни халқаро талаб даражаларига мослаштириш 2014 йилнинг октябрь ойида бошланади ва шундан сўнг юртдошларимиз шаҳарлараро қўнғироқларни “0” олд рақами, халқаро қўнғироқларни “00” олд рақамлари ёрдамида амалга оширишлари мумкин бўлади.

Тадбирда таъкидланганидек, истиқболда янги алоқа тизимига ўтилиши Ўзбекистон коммуникация тармоқлари абонентларининг халқаро телефон алоқасига уланиш тартибини ўзгартирмайди. Аксинча, бу тизим хорижга чиқаётган юртдошларимиз, мамлакатимизга келаётган чет элликларга халқаро алоқани амалга оширишга қулайлик яратади.

Шошилинч ва тезкор хизматлар телефон рақамлари тизимида бўлаётган ўзгаришлар мобайнида турли тушунмовчилик ва ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида мазкур телефон рақамларининг уч ой давомида бир вақтнинг ўзида ҳар иккала — янги ва эски тизимларда фаолият кўрсатиши таъминланади. Бу ҳақда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиши белгиланган.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn