Академик Эргаш Фозилов
  • 15 Май 2014

Академик Эргаш Фозилов

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим, филология фанлари доктори, академик Эргаш Фозилов 81 ёшида вафот этди.

Э. Фозилов 1933 йили Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида ишчи оиласида туғилди.

1957 йилда Москва давлат университетини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тилшунослик институти аспирантурасида таҳсил олди, дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Жонкуяр ва истеъдодли олим ўзининг қарийб 40 йиллик илмий фаолияти давомида Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, институт директори ўринбосари, Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти бўлим бошлиғи, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари лавозимларида  самарали меҳнат қилди ва ўзбек тилшунослигининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Э. Фозилов биринчилардан бўлиб ўзбек тилининг тарихий ривожи, лексикологияси ва лексикографияси ҳамда грамматикасини ўрганди. У Алишер Навоий асарлари тилини тадқиқ этиб, «Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати» ва «Эски ўзбек тили»  луғатларини нашр эттирди. Таниқли олимнинг тилшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Талабчан устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

Атоқли олим, камтарин инсон Эргаш Фозиловнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

И. КАРИМОВ, И. СОБИРОВ, Д. ТОШМУҲАМЕДОВА,
Ш. МИРЗИЁЕВ, Ш. СОЛИҲОВ

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn