Ҳарбий хизматчиларга замонавий уй-жойлар
  • 14 Май 2014

Ҳарбий хизматчиларга замонавий уй-жойлар

Мамлакатимизда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Жумладан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, ана шу объектларда энг юксак талабларга ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ҳамда инфратузилмаларни яратиш бўйича кўлами жиҳатидан жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилаяпти. Наманган вилоятида хизмат бурчини ўтаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга куни кеча янги уйларнинг калити топширилгани ҳам Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Мудофаа вазирлиги, Шарқий ҳарбий округи қўмондонлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар қатнашди.

Фойдаланишга топширилган тураржой биноларининг иккитаси 32 хонадондан, биттаси 48 хонадондан иборат. Улар замонавий меъморчилик анъаналари асосида барпо этилган бўлиб, ҳар жиҳатдан шинам ва қулай. Бу ердаги инфратузилма тармоқлари хонадон эгалари турмушининг мазмунли ўтишига хизмат қилади.

— Миллий армиямизни модернизациялаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш баробарида, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун ажойиб шароитлар яратиб берилмоқдаки, бу юксак эътиборни ҳар биримиз ҳис этиб турибмиз, — дейди янги уй билан таъминланганлардан бири, кичик сержант Асрорбек Меҳмонов. — Бунга жавобан янада фидойилик билан хизмат қилиб, Ватанимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини сақлаш йўлида бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.
Замонавий тураржойларнинг фойдаланишга топширилиши ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун чинакам байрамга айланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn