Бурчга содиқлик қасамёди
  • 21 Сентябрь 2017

Бурчга содиқлик қасамёди

Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг қасамёдига бағишлаб ўтказилган маросимда Қашқадарё вилоятидаги 108 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари топширилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимиз тинчлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ички ишлар ходимлари, хусусан, профилактика инспекторларининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлашди. Буни вилоятда ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф қилиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, профилактика инспекторларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда, яъни ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар камаймоқда.

— Президентимизнинг шу йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, профилактика инспекторларига барча шароитга эга бўлган хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосидаги автоуловлар берилаётгани бизга катта қулайлик яратади, — дейди Қарши шаҳридаги Боғишамол маҳалласи профилактика инспектори Ф. Нормуродов. — Маҳаллада мунтазам равишда турли профилактик тадбирларни ўтказиб келаяпмиз. Давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлигидан руҳланиб, бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтиришга астойдил ҳаракат қиламиз. 

Термиз шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтган тадбирда қайд этилганидек, Сурхондарё вилоятида ҳам ички ишлар органлари ходимлари томонидан профилактик тадбирлар, аҳоли билан очиқ мулоқот ва ҳуқуқий тарғиботга катта аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларнинг доимий эътиборида. Пировардида эса вилоятда жиноятлар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 400 тага камайишига эришилди.

Бугунги кунда вилоятда 450 нафардан зиёд профилактика инспекторлари фаолият олиб бормоқда. Уларга хизмат уйлари ҳамда енгил автомашиналар калитлари топширилди.

— Тантанали қасамёдимиз ҳамда бизга яратиб берилган шарт-шароит ҳудудда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш борасида янада кўпроқ ишлашга ундайди, — дейди Шеробод туманидаги Дўстлик маҳалласи профилактика инспектори 

А. Бобоев. — Қасамёд қиларканман, бурчимга содиқ қолиб, профилактика йўналишидаги ишларимиз самарадорлигини янада оширишни кўнглимга тугдим. 

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов сўзга чиқди. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, 

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn