Ёшларнинг ҳуқуқий маданияти
  • 14 Май 2014

Ёшларнинг ҳуқуқий маданияти

кучли фуқаролик жамиятини барпо қилишда муҳим аҳамият касб этади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда ўқувчи-ёшларнинг суд-ҳуқуқ тартиботи идоралари ходимлари билан учрашуви ташкил этилди.

Кучли фуқаролик жамиятини барпо қилишда ёшларнинг иштирокига бағишланган ушбу тадбир Президентимизнинг шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уюштирилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган беқиёс имкониятлар иқтидорли ўғил-қизларимизнинг илм-фан, санъат ҳамда спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқларида яққол намоён бўлмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей янгиликка интилувчан, истеъдодли ёшларни бағрига олган етакчи ўқув масканларидан саналади. Мингдан зиёд ёшлар аниқ, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда хорижий тиллар йўналишларида чуқурлаштирилган тарзда ўқитилаётган мазкур таълим даргоҳида илғор педагогик технологиялар асосида сабоқ бериш йўлга қўйилган. Бунинг самарасини ҳар йили лицей битирувчиларининг салмоқли қисми нуфузли олий ўқув юртлари талабаларига айланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда 8 та спорт, 32 та фан тўгараклари фаолият кўрсатаётир. Лицей ўқувчилари фан олимпиадаларида, “Шунқорлар”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Юксак маънавиятли авлод” каби танловларда фаол қатнашаяпти.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг мазмун-моҳияти, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини кучайтириш, уларни ёт ғоя ва мафкуравий хуружлардан асраш, соғлом фикр ҳамда қалб эгалари қилиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Фарида МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn