Қулай муҳит — юксалиш омили
  • 14 Сентябрь 2017

Қулай муҳит — юксалиш омили

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги Фармонига биноан ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият бошлаётган 39 та тадбиркорлик субъектига тантанали равишда гувоҳномалар топширилди.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда қайд этилганидек, 816 гектар ер майдонига эга бўлган мазкур иқтисодий зонада 2017-2018 йилларда 80 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бунинг учун 281,1 миллион АҚШ долларилик инвестиция ўзлаштирилиб, 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Айтиш жоизки, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркор ва инвесторларга қўшимча имтиёзлар бериш мақсадида ҳудудларда эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатаётир. Бу эса хорижлик мулкдорларни бизнес фаолиятини юртимиз билан боғлашга руҳлантирмоқда.

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекциясидан маълум қилишларича, айни пайтда 50 га яқин лойиҳалар тасдиқланган бўлиб, бугун 39 таси ҳаётга татбиқ этилаяпти.

— Эркин иқтисодий зона иштирокчиларига давлат томонидан кўплаб енгилликлар берилмоқда, — дейди “Maroqand kabel invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўлмас Облоёров. — Биз ҳам ундан унумли фойдаланиш ниятида шу ерда бизнес фаолиятимизни йўлга қўймоқдамиз. Энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳамизнинг қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг ижроси доирасида 40 та иш ўрни яратилиб, йилига 2,5 миллион дона LED лампочкалари тайёрланади. Маҳсулотларимизнинг асосий қисмини экспорт қилишни мўлжаллаганмиз.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, божхона, молия бошқармалари ва бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирок этган тадбирда эркин иқтисодий зонанинг афзаллиги, унда ишбилармонларга яратиладиган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn