Касаба уюшмалари халқаро муносабатларни ривожлантирмоқда
  • 08 Сентябрь 2017

Касаба уюшмалари халқаро муносабатларни ривожлантирмоқда

Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Михаил Шмаков раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Россия ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, юртимизда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини янада таъминлаш, ижтимоий шериклик ҳамда ижтимоий мулоқотни кенгайтириш йўналишларида олиб борилаётган қамровли ишлар билан танишишдан иборатдир.

Ташриф давомида делегация аъзолари мамлакатимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, юртимиз касаба уюшмалари -фаолиятининг устувор йўналишлари билан таништирилди.

Учрашувда асосий эътибор фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Таъкидлаб ўтилганидек, фуқароларнинг ўз билим ва салоҳиятларини кенг намоён қилиши, уларнинг фаоллигини ошириш учун республикамизда барча шарт-шароит яратилган. 

Тадбирда юртимизда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътибор натижасида аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий меҳнат соҳасидаги масалаларни муваффақиятли ҳал қилиш, фуқаролар меҳнат ҳуқуқини самарали таъминлаш имконияти кенгайиб бораётгани эътироф этилди. Мазкур йўналишлардаги ишларга ўз сафларида 6 миллион нафардан зиёд аъзоларни бирлаштирган мамлакат касаба уюшмалари ҳам муносиб ҳисса қўшаётир.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017 — 2019 йиллар учун мўлжалланган Бош келишув, унинг асосида 95 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишув, корхона ва ташкилотларда эса 158 мингдан ортиқ -жамоа шартномалари амал қилмоқда. 

Учрашув давомида мамлакатимизда давлат, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот, Ўзбекистоннинг меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндашуви, касаба уюшмалари фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар юқори баҳоланди. 

— Халқ манфаатини ифодалаш борасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган улкан амалий ишлар Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлида муҳим қадамдир, — деди Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси М. Шмаков. — Бу касаба уюшмаларининг мақсади билан ҳам ҳамоҳанг. Бўлиб ўтган мулоқотлар мамлакатларимиз касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаши, шубҳасиз.

Очиқ, амалий руҳда ўтган мулоқотларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Тошкент шаҳрида Россиядаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси филиалини очиш, мазкур академияда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари учун ҳафталик ўқув курсларини ташкил қилиш ана шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn