Бой ҳаётий тажриба, маънавий тарбия манбаи
  • 08 Сентябрь 2017

Бой ҳаётий тажриба, маънавий тарбия манбаи

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг тўкис ҳаёт кечиришлари учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш эзгу қадрият даражасига кўтарилган.  Бу борада, шубҳасиз, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг алоҳида ўрни бор.

Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган “Нуронийлар — бой ҳаётий тажриба, маънавий тарбия ва руҳий қувват манбаи” мавзуидаги матбуот йиғилишида шу хусусида батафсил сўз юритилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан руҳланган нуронийларимиз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этмоқдалар. 

Мазкур тарихий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида жамғарма томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ҳамкор ташкилотлар — Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи билан меморандум имзоланиб, жойларга юборилди.

Фармонда 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ҳамда шаҳарда маданият ва истироҳат боғларида “Нуронийлар маскани” мажмуаларини барпо этиш ҳамда уларга “Нуроний” жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларини жойлаштириш учун хоналар ажратилиши вазифаси ҳам кўзда тутилган. Ўтган даврда бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Жойларда бундай масканлар қурилиб, ишга туширилмоқда. 

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам батафсил маълумот берилди. Масалан, унинг ижросини таъминлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида “Нуронийлар эъзозимизда” патронаж ёшлар ҳаракати ташкил этилди.

Шунингдек, анжуманда “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган бошқа чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтилди.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn