102 ёшли Тожигул момога “Шуҳрат” медали топширилди
  • 01 Сентябрь 2017

102 ёшли Тожигул момога “Шуҳрат” медали топширилди

Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманидаги Қўсжап овулида яшаётган 102 ёшли Тожигул ая Аллиярова ҳам “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бир асрдан зиёд умри давомида онахон кўп синовларни — Иккинчи жаҳон урушининг мусибатлари, урушдан кейинги оғир кунларни бошидан ўтказди. Кўп йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилди, бир ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказди. Бугун у олти эвара, ўн беш чеваранинг ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

— Яратганга шукр, бугунги дориламон кунларни кўриш бахти насиб этди, — дейди Тожигул момо. — Юртимиз тинч-осойишта, ҳаётимиз фаровон, тўйлар тўйларга уланмоқда, ҳамма ерда файзу барака. Яхши кунларимизга ҳеч қачон кўз тегмасин. Ватанимиз янада обод, ҳаётимиз чароғон бўлаверсин!

Байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов онахоннинг уйида бўлиб, унга -Президентимиз номидан давлатимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медалини топширди. Уни мустақиллик байрами ҳамда Қурбон ҳайити билан қутлади. Шунингдек, аяга байрам совғалари тақдим қилинди.

Тожигул ая бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn