Эъзоз ва эътибор оғушида
  • 01 Сентябрь 2017

Эъзоз ва эътибор оғушида

Халқимизнинг саховатпешалик ва инсонпарварлик фазилатлари энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Бунда Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши муҳим ўрин тутаяпти.

“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки, Миробод тумани ҳокимлиги, Ногирон болалар “Камалак” уйи ҳамкорлигида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, кексалар, меҳнат фахрийлари, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда имконияти чекланган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Эъзоз ва эътибор” хайрия тадбири ташкил этилди.

Унда сўз олганлар мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, имконияти чекланган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

— Бугунги кунда муассасамизга юзга яқин ногиронлар, айниқса, ёшлар келиб, “Устоз — шогирд” анъанаси асосида компьютер саводхонлиги, тикувчилик, пойабзал таъмирлаш сингари ҳунарларнинг сир-асрорларини ўзлаштираётир, — дейди Ногирон болалар “Камалак” уйи менежери Комилжон Тошмуҳаммедов. — Бу эса уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда қўл келмоқда. Мурувват кўрсатиш — халқимизга хос фазилат. Бу ерда ҳомий ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиб, болаларга совға-саломлар улашиш эзгу анъанага айлангани бунинг яққол далилидир.

Ўтган йили “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки томонидан ёшларга компьютер жамламалари тақдим қилинган бўлса, жорий йилда йигирмадан ортиқ болаларга йигирма турдаги мактаб анжомлари ҳамда ўқув қуроллари топширилди. Бундан ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ниҳоятда хурсанд.

— Бизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан жудаям мамнунмиз, — дейди Ногирон болалар “Камалак” уйи аъзоларидан бири Заҳро Охунжонова. — Бунинг учун ташкилотчиларга раҳмат. Бундай тадбирларнинг истиқлол байрами арафасида ўтказилаётгани бизни янада қувонтирди.

“Ҳар кунимиз байрам бўлсин!” шиори остидаги бу каби хайрия акциялари юртимизнинг барча ҳудудида бўлиб ўтмоқда.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn