Мақсадимиз — юрт тараққиётига ҳисса қўшиш
  • 01 Сентябрь 2017

Мақсадимиз — юрт тараққиётига ҳисса қўшиш

Мамлакатимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш бўйича янги тизим яратилгани қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириш имконини бермоқда.

Айниқса, Оролбўйи минтақасида жойлашган Хоразм вилоятида ушбу йўналишдаги ишларнинг муҳим аҳамият касб этиши инобатга олиниб, суғориш тармоқларини таъмирлаш ҳамда тиклаш орқали сув таъминотини такомиллаштириш, тежамкор технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида бажарилаётган кенг кўламли юмушлар натижасида Тошсоқа, Полвон ва Шовот каналларидаги 300 дан зиёд сув чиқариш насослари фаолиятини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилаяпти. Бунинг ҳисобига йилига 87,5 миллион кВт. электр энергияси иқтисод қилиниши баробарида, Тошсоқа суғориш каналлари тизимининг фойдали иш коэффициенти 15 фоиз ошиб, 191,3 минг гектар экин майдонига сув етказиб бериш сифати ортади. Энг асосийси, йилига ўртача 800 — 900 миллион куб метр обиҳаёт тежалади.

Халқимиз сувни зарга, сувчини заргарга бежиз қиёсламайди. Шу маънода, вилоятимиз деҳқон ҳамда фермерлари мўл-кўл ҳосил етиштиришида сув хўжалиги тизими мутахассисларининг ҳам ҳиссаси борлиги бизга ғурур бағишлайди.

Мустақиллик байрами арафасида Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирландилар. Шулар қатори мен ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” унвонига сазовор бўлдим. Яқинларимдан ушбу хабарни эшитганимда, рости, кўзларимга ёш келди. Ахир оддий ишчининг камтарин меҳнати шундай юксак даражада қадрланиши саодатдир. Инсон манфаатлари устувор бўлган юртимизда ислоҳотлар фуқароларнинг бугунги куни ва келажаги фаровонлигини таъминлашга қаратилгани, фидойи хизматлар ҳеч қачон эътиборсиз қолмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Шундай экан, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, эзгу лойиҳалар ташаббускорига айланишимиз, хайрли ишларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз бурчимиздир.

Ҳамдам КАРИМОВ,

«Шовот-Қуловот» ирригация тизими бошқармасининг 

«Қуйи Шовот» ирригация тармоқлари тизими муҳандис-гидротехниги.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn