Темир йўлчилар учун кўркам уйлар
  • 01 Сентябрь 2017

Темир йўлчилар учун кўркам уйлар

Мирзаобод туманида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси меҳнат жамоаси аъзоларига янгиланган намунавий лойиҳадаги 100 та уй тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17 май куни жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилган “Сардоба” сув омбори атрофида бажарилиши белгиланган истиқболли лойиҳалар ижроси бўйича кўрсатмалар берган эди.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси жамоаси ана шу вазифаларни муваффақиятли уддалаб келмоқда. Улар балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ҳамда омихта ем ишлаб чиқариш каби лойиҳаларни изчил амалга оширишмоқда. Янги-янги боғлар ташкил қилиб, ҳудудни обод этишаяпти. Энг қувонарли жиҳати эса, жамоа аъзолари ҳудуднинг доимий яшовчиларига айланишмоқда, халқ тили билан айтганда, шу ерга меҳр қўйиб, палак ёзишаётир. Эндиликда бир вақтлар учта уй бўлгани туфайли Учтом деб номланган қишлоқ ёнида уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Темир йўлчилар массиви — мўъжаз шаҳарча қад ростлаган.

Бинобарин, сув омбори этагида, бир вақтлар юлғун ва янтоқ ўсиб ётган, кўримсиз бўлган жой ўрнида қисқа муддатда бунёд қилинган мазкур аҳоли яшаш пункти жамоли ҳар қандай кишининг ҳавасини тортадиган даражада. Буни “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонасининг қўлигул қурувчилари меҳнатидан янги уй эгаларининг розилигидан ҳам билса бўлади.

— Рости, янги хонадонимиздаги шароитларни кўриб, ўзимизни шаҳарга кўчиб келгандек ҳис этдик, — дейди Холида -Мисирова. — Қолаверса, ҳовлидаги томорқада рўзғор учун сабзавот, мева-чева етиштириш имкониятимиз ҳам бор. Кўчаларимизнинг чиройлилигини айтмайсизми?! Атрофига арча, анвойи гуллар экилган, ёритқичлар ўрнатилган. Ёш оиламиз. Турмуш ўртоғим мажмуада агроном бўлиб ишлайди. Икки нафар фарзандимиз бор. Бугун ўзимизни, ҳеч шубҳасиз, бахтиёр оилалар сафига киритишга ҳақлимиз. Албатта, буларнинг барчаси давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор туфайлидир.

— Сурхондарё вилоятининг Денов туманиданман, — дейди “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси зоотехниги Зоҳид Собиров. — Шу боис оиламдан узоқда ишлаб, яшаб келаётган эдим. Куни кеча турмуш ўртоғим ва бир нафар фарзандимни янги уйимизга кўчириб келдим. Энди мана шу манзилда доимий яшашга аҳд қилдик. Бизни қувонтиргани уйимизнинг дастлабки тўловлари ҳам жамиятимиз ҳисобидан тўлаб берилди. Шу билан бирга, хонадонимиз зарур уй жиҳозлари билан тўлиқ таъминлангани биз каби ёш оилаларга жуда катта ёрдам, албатта. Бундай ғамхўрликка жавобан эса белгиланган вазифаларни амалга оширишда фидойилик кўрсатиб, шу юрт, шу муқаддас Ватан равнақи учун сидқидилдан меҳнат қиламиз.

Айни чоғда Темир йўлчилар массивини янада обод ҳамда кўркам манзилга айлантириш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш бўйича қатор режалар белгиланган. Яқин келажакда бу ерда тиббиёт, таълим муассасалари ва бошқа ижтимоий-маиший иншоотлар қурилади. Сунъий қопламали стадион эса уйлар билан бир вақтда фойдаланишга топширилди.

Янги тураржойларни ўз эгаларига топшириш тантанаси мустақиллик айёми билан уйғун равишда бўлиб ўтганлиги барчага янада кўтаринки кайфият бахш этди. Халқимизга хос хайрли удум — уй тўйида куй-қўшиқлар, карнай-сурнай садолари -янгради.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ў. Мирзаев сўзга чиқди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn