Тинчлик — бунёдкорлик, ободлик деганидир
  • 31 Август 2017

Тинчлик — бунёдкорлик, ободлик деганидир

Самарқанд шаҳрида 28 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди.

Миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг тайёргарлик даражаси, мамлакатимиз хавфсизлигига рахна соладиган ҳар қандай таҳдидларга қарши тура олиш қудратини юксалтириш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани бежиз эмас. Чунки дунёда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани барчага яхши маълум. Мана шундай ўта мураккаб бир замонда юртимизда тинчлик ҳамда осойишталик, барқарор тараққиётни таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала ҳисобланади. Бинобарин, ҳар қандай давлатнинг асосий функцияси — мамлакатда осудаликни таъминлаш, уни ташқи хавф-хатарлардан самарали ҳимоя қила олишидир. Бусиз стратегик мақсадларга эришиб бўлмайди. Конституциямизнинг муқаддима қисмида ҳам Ўзбекистон халқи ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлида қайси сиёсий ва ҳуқуқий негиз ҳамда принципларга таяниши аниқ кўрсатиб берилган.

Жумладан, унда белгиланган ушбу ўта муҳим саккизта негиз ва принциплардан бири, бу — фуқароларнинг тинчлиги ва миллий тотувлигини кафолатлашдир.

Кучли давлат тузуми, аввало, мамлакатнинг мудофаа қобилиятига суянади. Шу боис умумий хавфсизликни таъминлашнинг стратегик мақсадлари, вазифалари, соҳалари аниқ белгиланган концептуал ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилаётир. Президентимизнинг 2017 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ёки 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ифодасини топган вазифа ва йўналишлар мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш, барқарор тараққиёт ҳамда миллатлараро тотувликни сақлаш, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштиришда пухта асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ўта муҳим ҳаётий аҳамиятга эга чора-тадбирлар ўз моҳият-эътиборига кўра, бир томондан, замонавий ислоҳот ҳамда янгиланишлар омили бўлса, иккинчи жиҳатдан, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида демократик ислоҳотларга чинакам ҳуқуқий пойдевор, фуқаролар тинчлиги, фаровонлиги ҳамда миллий -тотувлигига кафолат беради.

Давлатимиз раҳбари сайёр йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, соҳада мавжуд камчилик ва муаммоларни ҳам чуқур таҳлил қилиб берди. Хусусан, соҳа фаолиятида узвийлик етишмаётгани, тизимли ёндашув йўқлиги, кўплаб вазифалар бир-биридан ажратилган ҳолда, алоҳида-алоҳида ҳал этилаётганини қониқарли, деб бўлмаслигини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб ўтди.

Ҳар бир соҳа ривожида кадрлар масаласи алоҳида ўрин тутади. Биласиз, мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳаллий офицер кадрлар юртимиздаги ҳарбий хизматчилар умумий сонининг атиги 0,6 фоизини ташкил этарди. Офицерларни тайёрлаш эса учта ҳарбий билим юртида ва, бор-йўғи, учта ҳарбий мутахассислик бўйича олиб борилар эди. Амалга оширилган ишлар натижасида қўшимча равишда янги ҳарбий таълим муассасалари, Қуролли Кучлар Академияси ташкил этилди. Шунингдек, армиянинг асосий таянчи бўлган сержантлар корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Лекин бугунги давр талабидан келиб чиқиб айтганда, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадр-лар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарурати ўта долзарб масала бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида ҳам шу хусусда алоҳида тўхталиб, мутлақо янги Қуролли Кучлар Академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши зарурлигини таъкидлаганди. Академияни том маънода ҳарбий илм-фан марказига айлантириш, таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Ватан — остонадан бошланади. Оила эса муқаддас қўрғон. Ҳар бир инсон, аввало, эл-юрт осойишталигини ўз хонадони хотиржамлигида кўришни истайди. Демак, ҳарбийлик касбини танлаган ёшларимиз ҳам ўз вазифасини виждонан, сидқидилдан ва юксак фидо-йилик намунасини кўрсатиб адо этишлари учун уларнинг ўз оиласидан кўнгли тўқ бўлиши зарур. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Буюк саркарда Амир Темур “Аскари бақувват юрт қудратли бўлур” деган тамойилга қатъий амал қилган. Бугунги кунда аскари нафақат бақувват, балки маънавияти юксак давлатнинг қудрати янада ортиб, ҳар қандай таҳдидларга муносиб қаршилик кўрсата олади. Шундай экан, ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини ошириш ҳам энг муҳим вазифалар -сирасига киради. Бунда эса китобдан яхшироқ восита йўқ. Шунинг учун ҳарбий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлардаги кутубхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўз навбатида, осойишталигимиз посбонлари ўртасида мутолаа маданиятини ошириш, уларнинг ижодкорлар билан учрашувларини ташкил қилиш айни муддаодир. Бинобарин, Президентимиз қайд этганидек, маърифатли аскарлар маънавиятли бўлади, маънавиятли инсон ватанпарвар бўлади. Илмли ва замонавий ахборот технологияларини яхши билган аскар эса шундай мураккаб замонда рақобатбардош бўлади, ҳар қандай кучларга қатъий жавоб бера олади.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг тарихий аҳамиятга эга яна бир ташаббуси ҳақида айтиб ўтиш жоиз. Гап шундаки, Амир Темур бобомизнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши инобатга олинган ҳолда, республикамизнинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Бу қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлади.

Амир Темур енгилмас саркарда сифатида дунё тарихида ўчмас из қолдирган. Унинг ҳарб илмидаги улкан салоҳияти ва юксак жасорати неча асрлар ўтса ҳамки, Ватан ҳимоясига бел боғлаган жасур ва мард ўғлонлар учун ибрат мактаби бўлиб келаётир. Албатта, бундай таълим даргоҳларида таҳсил олган йигитлар ана шундай хислат ва фазилатларни ўзларида намоён этишга интилади. Шундай экан, “Темурбеклар мактаби” сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир етук мутахассисларни тарбиялаш, эл-юрт тақдирига дахлдор, ватанпарвар, фидойи, буюк аждодларимизга муносиб авлодни камол топтиришга хизмат қилади.

Ёшлар тарбияси, уларни ватанпарвар, жасур, садоқатли қилиб тарбиялаш ҳақида сўз борар экан, бир жиҳат кишини мулоҳазага ундайди. Ушбу мақсадда юртимиз бўйлаб жуда кўп тадбирлар, учрашувлар, анжуманлар ўтказилади. Бу керак, албатта. Бироқ, навқирон авлоднинг юрагига чуқур кириб бориб, унга чўғ соладиган, “Мен ҳам, албатта, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди бобомдек мард ўғлон бўламан!”, “Ватан ҳимоячиси бўламан!” дейдиган улкан орзуларни, пок туйғуларни пайдо қиладиган, жўш урдирадиган янада таъсирчанроқ воситалар борки, бу ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги бадиий ва мусиқий асарлар, ҳарбий, тарихий мавзудаги кинофильмлардир. Афсуски, бизда ҳалигача ғоявий-бадиий етук, замонавий талабларга жавоб берадиган ана шундай ижод маҳсуллари йўқ. Шунинг учун ҳам ёшларимиз кўпроқ хорижий фильмлар, асарлар билан танишиб, уларнинг тарихига дахлдор шахслар ҳақида тасаввурга эга бўлиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бунга эса шунчаки қўл қовуштириб қараб туриб бўлмайди. Бизнинг қандай буюк тарихимиз, қандай улуғ аждодларимиз бор?! Уларнинг ҳар бири жасорати кўплаб фильмларга, асарларга мавзу бўла олади. Давлатимиз раҳбари шу хусусда ҳам доимо куйиниб гапираяптилар. Бу йўналишда нафақат Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, балки мамлакатимиз ижодкор зиёлилари, етакчи адабиёт ва санъат арбоблари, янгидан тузилган Республика Маънавият ва маърифат маркази биргаликда самарали фаолият олиб бориши кераклиги таъкидланмоқда. 

Бу жараёнлар биз, депутатлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш, мудофаа соҳасидаги қонунчилик базасини ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган қилиб такомиллаштириш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда ҳар қачонгидан фаоллик кўрсатишимиз зарур.

Зеро, тинчлик — ҳаёт, тинчлик — бунёдкорлик, тинчлик — ободлик деганидир. Шундай экан, тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртда ривожланиш, тараққиёт бардавом бўлади.

Акмал РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn