Байрам дастурхонига сархил ноз-неъматлар
  • 31 Август 2017

Байрам дастурхонига сархил ноз-неъматлар

Халқимизда “Отанг — бозор, онанг — бозор” деган нақл бор. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, турмушимизни бозорларсиз тасаввур қилиш қийин. Таъбир жоиз бўлса, улар мамлакат фаровонлигини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-иқтисодий марказга айланган. Бозорлари обод юртда эса маъмурлик бўлган.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан мамлакатимиздаги деҳқон бозорларида байрамолди савдо-ярмаркалари ўтказилаётир. Бозорларимизнинг ҳар қачонгидан-да гавжумлигининг сабаби ҳам шунда. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, дастурхони файзу баракасини таъминлаш, янада кўтаринки кайфият улашишдир. 

Биргина пойтахтимиздаги “Юнусобод деҳқон бозори” акциядорлик жамиятига ташриф буюрар экансиз, савдо расталарини тўлдириб турган сархил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, салқин ичимликлар, гўшт, гуруч, умуман, дастурхонимизга кўрк бағишлайдиган ноз-неъматлар сероблиги, нархининг мақбуллигини кўриб, кўзингиз қувнайди. 

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси ҳар йили аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз ҳамда мақбул нархларда таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ҳозирги пайтда унинг жойларда 50 дан зиёд улгуржи ва 5 мингдан зиёд чакана савдо тармоқлари фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу корхоналар томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та деҳқон бозорида жорий йилнинг 15 июлидан бошлаб 30 дан зиёд савдо расталари ташкил этилиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган нархлардаги савдоси йўлга қўйилди. Хусусан, бир килограмм мол гўшти 24 минг сўм, қўй гўшти эса 25 минг сўмдан сотилаяпти. Жорий йилнинг 29 август ҳолатига кўра, уюшма тизимидаги корхоналар томонидан пойтахтимиздаги деҳқон бозорларида 243 тонна гўшт савдога чиқарилди. 

— Бозор ҳудудида айём арафасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда байрамолди савдо-ярмаркаси фаолияти йўлга қўйилди, — дейди “Юнусобод деҳқон бозори” акциядорлик жамияти савдо бўлими бошлиғи Бекзод Латипов. — Ҳозирги кунда бу ерда ушбу ташкилотлар тизимидаги йигирмадан ортиқ корхоналар, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари фермерлар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 15 — 20 фоиз арзон нархларда аҳолига тортиқ қилинаётир. 

Яратилган бундай қулайлик Тошкент шаҳри аҳолиси, хусусан, юнусободликларга манзур бўлмоқда. Буни уларнинг сўзларидан ҳам билиб олиш мумкин.

— Ярмаркаларнинг уюштирилиши аҳолига бўлган жуда катта ғамхўрликдир, — дейди харидор Мавжуда Фахриддинова. — Тақдим этилаётган маҳсулотлар сархил ва сифатлилиги билан ажралиб турибди. Терминаллар қўйилгани ва нархлар арзонлигидан миннатдормиз. 

“Тошбозорсавдо” уюшмаси маълумотларига кўра, пойтахтимиздаги деҳқон бозорлари ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилган. Бу эса озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари асоссиз ошишининг олдини олиш ҳамда муҳим истеъмол товарларини узлуксиз етказиб беришни таъминлашда қўл келмоқда. 

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn