Қумни ҳам гуллатар, инсон истаса
  • 31 Август 2017

Қумни ҳам гуллатар, инсон истаса

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Қизилқум кенгликларидаги Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларида узоқ вақт давомида йиғилиб қолган муаммоларни самарали ҳал этиш, мазкур ҳудудларни ривожлантиришдаги номутаносибликларга барҳам бериш, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини тараққий топтириш, аҳолининг фаровонлигини ошириш, замон -талабларига муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлаш мақсадларини қамраб олган. Шу асосда рўёбга чиқарилаётган хайрли ишлар олис манзилларда яшаётган одамлар қалбида эртанги кунга умид, ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда. Аслида ҳаётнинг бебаҳо муждаси ҳам шу — умид ва ишонч!

Кичик қишлоқдаги катта шаҳар

Президентимиз қарорига кўра ишлаб чиқилган дастур доирасида Учқудуқ туманининг чекка ҳудудларида мактаб ва мактабгача таълим тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларга малакали мураббий ва педагог кадрларни жалб этиш, чекка овулларда тиббий хизмат сифати ҳамда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, маҳаллий хом ашё асосида тадбиркорликни ривожлантириш каби муҳим вазифалар изчил бажарилмоқда. Бу эса яхши ўзгаришларга, овулларнинг чирой очишига сабаб бўлаётир. 

“Боздун” овул фуқаролар йиғинидаги Жузқудуқ қишлоғи туман марказидан 65 километр узоқда жойлашган. Унга элтувчи йўл жорий таъмирланиб, қишлоқ ички йўлини асфальтлаш ишларига 400 миллион сўм  йўналтирилди. 2-мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасасининг  филиали замонавий лойиҳада бунёд этилиб, қишлоқ врачлик пункти -капитал таъмирланди. Эски боғча биноси эса олти оилага уй-жой учун мослаштирилиб, кўркам кўриниш касб этди.

— Очиғи, йил бошида “Ёз келса, бошқа ерларга кўчиб кетамиз”, деганлар ҳам бор эди, — дейди овул фуқаролар йиғини раиси Майрамгул Жолғасбоева. — Мана, ёз ўтди ҳамки, ҳеч ким кетгани йўқ. Аксинча, одамларимиз уй-жойларини таъмирлаб, ободонлаштиришга -киришганлар. Бу қишлоқдошларимизнинг ўз келажагини, ҳузур-ҳаловатини, бахтини шу ерда кўраётганидан далолат.

— Шу пайтгача 30 бола учун 40 ўринли мактаб, 14 бола учун 12 хонали боғча қуриб берилганини ҳеч қаерда эшитмаганман, — дея суҳбатга қўшилади Олимхон ота Абдумаликов. — Одамларимиз бундай ғамхўрликдан мингдан-минг рози. Тўрт ой ичида етти ухлаб тушимизга кирмаган ўзгаришлар бўлди.

Оқсоқолнинг эътирофида заррача муболаға йўқ. Боиси, шу пайтга қадар қишлоққа фақат электр энергияси келтирилган эди. Бугун Жузқудуқда 12 каналли рақамли телевидение тарқатилиши йўлга қўйилди. Амалдаги  рация алоқаси ўрнини замонавий мобиль алоқа тармоғи эгалламоқда. Натижада қишлоққа интернет кириб келди. Мактаб “ZiyoNET” тармоғига уланди. Дарвоқе, овулда фойдаланишга топширилган мактаб ва мактабгача таълим муассасалари мебелидан тортиб, ўқув жиҳозлари, ўйинчоғидан идиш товоғигача тўлиқ янгиланди. Қишлоқ врачлик пункти эса ультратовуш текшируви аппарати ҳамда замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланди. 

Мазкур муассасаларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг қарорида кўзда тутилган имтиёзларнинг қўлланилиши мактаб, мактабгача таълим муассасаси ва қишлоқ врачлик пунктига олий маълумотли мутахассисларнинг ишга келишига туртки берди.

— Асли Қизилтепа туманининг Адизобод қишлоғиданмиз, — дейди мактабнинг биология фани ўқитувчиси Фазлиддин Тошев. — Турмуш ўртоғим қарийб йигирма йиллик -тажрибага эга врач. Қарорни ўқигач, оиламиз билан маслаҳатлашиб, туман ҳокимига учрашдик. Уч хонали уй ажратиб,  моддий ёрдам пули беришди. 

Шунингдек, мактабга жисмоний тарбия ўқитувчиси Шоҳруҳ Усмонов ва рус тили ўқитувчиси Нодир Ҳазратов Навбаҳор, ўзбек тили ўқитувчиси Нурилла Ҳалимов Нурота, адабиёт ўқитувчиси Ҳуррият Жўраева эса Қизилтепа туманидан ишга келди. Барчасига қарор асосида уй-жой ва бир марталик моддий ёрдам берилди.

Мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пунктининг очилиш маросими тантаналари қишлоқда ҳақиқий байрамга айланди. Унда Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Ўтембоев иштирок этиб, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қон-қардошлик алоқалари сўнгги йилларда тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Биргина Навоий вилоятида 58 та -мактабда таълим қозоқ тилида олиб борилаётгани бунинг бир далилидир.

Орзулар ушалади

Қизилқум кенгликларида Томди қўрғони саробга ўхшайди. Томдитоғ этакларидаги чоғроққина ушбу гўшанинг Шимол томони чўл барханларига туташиб кетган. Айнан шу -нотабиийлик томдиликлар бошдан кечирган яна бир ташвишнинг сабаби бўлса, ажаб эмас. Боиси, ўтган асрнинг 70-йилларида қўрғон заминида тектоник ўзгаришлар рўй бериб, у жойлашган ер қатламининг чўкиши кузатилган. Сейсмологлар қўрғон келажаги истиқболсиз, деган хулоса берадилар. Шунга кўра, собиқ шўро ҳукуматининг туман марказини кўчириш тўғрисидаги қарори  қабул қилинади.

— Ўшанда қарор чиққани билан  ақча берилмади, — дейди узоқ йиллар қурилиш соҳасида ишлаган томдилик фахрий Жарилқасин Асубаев. — Фақат Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейингина бунёдкорлик ишлари бошланди.

1992 йили туман маркази учун Fарб томонидан 11 километр жой танланиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида янги Томдибулоқ шаҳарчасини бунёд этиш дастури ишлаб чиқилди. Унга биноан, 

422 ўринли мактаб, 280 ўринли боғча, рақамли автоматик телефон станцияси, шифо маскани, автобекат, новвойхона ҳамда ўнлаб маданий-маиший иншоотлар қурилди. Нуронийлар боғи ва Хотира мажмуаси барпо этилди. Қишлоқ хўжалиги йўналишида касб-ҳунар коллежи ташкил қилинди. 200 дан ортиқ оилалар янги марказдан уй-жой билан таъминланди. Жорий йилда эса шаҳарчада икки қаватли, олти хонадонга мўлжалланган уй фойдаланишга топширилиб, уларнинг учтаси меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга берилди.

— Томди Умрзоқ Хўжамуродов, Қайипназар Шўтбоев, Қалендер Бейсинбоев, Роза Алдашева сингари машҳур оқинлари билан довруқ қозонган, — дейди Республика қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Серикбой Усенов. — Бу ерда мусиқа ва санъат мактабининг қад ростлаши, шубҳасиз, яна янги истеъдод эгалари етишиб чиқишига, Томди маданий ҳаёти ривожига замин яратади.

Бу йил мамлакатимиз олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган томдилик йигит-қизлар сони ҳам оз эмас — 32 нафар.

— Бухоро давлат тиббиёт институтида имтиёзли асосда ўқиш имконига эга бўлганимдан бахтиёрман, — дейди улардан бири Облой Роҳатов. — Биз, олис ҳудудларда яшовчи ёшлар учун берилаётган имконият ва ғамхўрликнинг қиёси йўқ. Бунга жавобан келгусида малакали мутахассис бўлиб, овулдошларим саломатлиги йўлида хизмат қилиш ниятидаман. 

Янги ҳаёт нафаси

Қизилқум чўллари шимолида томдиликлар азал-азалдан чорва билан шуғулланиб келади. Адоғи осмонга туташиб кетган кенгликлар чорва учун ҳарчанд қулай бўлмасин, табиати анча инжиқ. Шу сабабли бу ерларда тез-тез яйлов алмаштириш йўли билан кўкламнинг қурғоқчилигию қишнинг қаҳридан чорвани асрайдилар. Қисқача айтганда, томдилик чорвадор йил давомида тўрт-беш маротаба сурувни 200 — 250 километргача кўчириб, чорва боқади. Оиласининг раъйи ҳам шунга қаратилган. Шу маънода, Қизилқумдаги ҳар бир чўпонни фидойи дейиш мумкин.

Туман марказидан 174 километр Шимол томонда жойлашган Ўтемурот қишлоғининг 870 нафар аҳолиси бор. Бу ердаги 8-мактабда 137 нафар ўқувчига 20 нафар ўқитувчи сабоқ беради. Мактаб жамоаси мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги арафасида ўзига хос байрам совғасини қабул қилди. Илм даргоҳида таъмирлаш ишлари якунланиб, у мутлақо янги қиёфа касб этди.

— Жонажон мактабимизнинг бугунги чиройи, яратилган шароитларни кўриб, завқинг келади, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Мўлдир Рустамова. — Катта спорт зали, “ZiyoNET” тармоғига уланган компьютер синфхонаси... Буларнинг барчаси ука-сингилларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай таълим олиши учун беқиёс имкониятдир. 

Ўтемуротда,  шунингдек, қишлоқ врачлик пунктининг моддий-техника базаси ҳам мустаҳкамланди. Мазкур муассасага “Дамас”, қумликлар орасидаги Пирча ва Аққобек овулларига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус автомашиналар ажратилди.

— Президентимизнинг қарори Қизилқумга янги ҳаёт бағишлади, —дейди ўтемуротлик Ўзбекистон Қаҳрамони Серикбой оға Сағатов. — Шифохонамиз, мактабимиз, боғчамизда замонавий шароитлар яратилди. Врач кўчиб келди, ўқитувчи келаяпти. Бизнинг ғамимизда қилинаётган бундай улкан ишлардан, турмушимиздаги ўзгаришлардан ниҳоятда миннатдормиз. Қаҳрамонликни олган куним онам “Берган сутимга розиман, ишончимни -оқладинг”, деган эдилар. Ҳар биримизга шундай бахт насиб этсин.

Темур ЭШБОЕВ,

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn