Меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи
  • 31 Август 2017

Меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди. 

Хайру саховат, меҳру мурувват каби эзгу амаллар бажариладиган мазкур байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун мамлакатимизнинг барча ҳудудида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мустақиллик боис миллий қадриятларимиз тикланди. Бой илмий меросимиз, анъаналаримиз қайта кўз очиб, фарзандларимиз руҳияти, зеҳнияти бугун шу зилол булоқлардан яна сув ича бошлади. Ёш авлод камолоти давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланганлиги мамлакатимиз эртаси бугунидан-да ёруғ бўлишини -кафолатлайди, албатта. Ҳозирги кунда ҳаётимизда кечаётган ҳар бир янгиланиш ўз кўлами, мазмун-моҳияти билан дилларимизни равшан этади. Умуман олганда, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан ҳар биримиз баҳраманд бўлмоқдамиз.

Мамлакатимизда Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамияти инобатга олиниб, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб кели-наётгани, айниқса, эътиборга молик. Ушбу айёмларда юртдошларимиз эътиқод амалларини эмин-эркин адо этиб, тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳамда фаровон ҳаёт ҳақига дуо қилишади, шукроналик билдиришади.

Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси фаолиятининг ташкил этилиши юқорида таъкидланган эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ҳамда осойишталик, ижти-моий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади.

Қурбон ҳайити яхшилик, поклик, шоду хуррамлик кўнгилларда барқ урган айёмдир. Ҳайит кунлари ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олинади. Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Шаҳару қишлоқларимизда ободонлаштириш ишлари янада қизғин давом эттирилади, кўчаю майдонлар, қутлуғ қадамжолар тартибга келтирилади. Чунки ҳайит, том маънода, маънавий кўтаринкилик, беқиёс қувонч, чинакам инсонийлик маърифатини ўзида мужассамлаштирган.

Шу кунларда Маккаи мукаррамада дунёнинг турли мамлакатларидан келиб, муборак ҳаж ибодатини адо этаётган ҳожилар қаторида 7200 дан зиёд ҳамюртларимиз ҳам Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини Яратгандан сўраб дуо қилишмоқда.

Бу йилги Қурбон ҳайити Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик шодиёналари билан бирга келиши одамларимиз қалбида янада кўтаринки кайфият уйғотгани, шубҳасиз. Шундай шукуҳли ва фазилатли кунларда қўшалоқ байрам барчамизга муборак бўлсин. Ватанимиз тинчлиги ҳамда осойишталигига, халқимиз фаровонлигига асло кўз тегмасин!

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари 

идораси раиси, муфтий.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn