Бизга ҳавас билан қарашади
  • 29 Август 2017

Бизга ҳавас билан қарашади

Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Шаҳару қишлоқларимиз обод. Фарзанду невараларимизнинг эртасидан эса кўнглимиз тўқ.

Шуларни хаёлдан ўтказар эканмиз, -беихтиёр ғурур ҳиссини туямиз. Ахир яратиб берилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланаётган дилбандларимиз жамиятда ўз ўрнини топмоқда. Масалан, ён қўшнимизнинг ўғли олий ўқув юртига ўқишга кирди. Яна бирининг фарзанди спортга меҳр қўйган. У — чемпион. Бошқасининг қизи эса худди мен каби ҳунарманд.

Мақтанишга йўймангу, ёшлар орасида бир эмас, ўнлаб шогирдларим бор. Улар яратаётган халқ амалий санъати намуналарига боқиб, беҳад қувонаман, фахрланаман.

Гиламга зардўзлик миниатюра санъати услуби асосида яхлит манзара ҳосил қилиш жуда мураккаб жараён. Шогирдларим билан нақшу нигорлар устида баъзан ойлаб ишлаймиз. Маҳсулотларимиз Италия, Швейцария, АҚШ каби дунёнинг қатор давлатларидаги музей ва шахсий коллекциялардан ўрин олган. Бу мустақиллигимиз шарофати, юртимизда халқ амалий санъатига бўлган эътиборнинг, ҳунар аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг самараси, албатта.

Мана, биргина Бухорои шарифни олиб кўрайлик. Шаҳарнинг қадимий қисмида  ҳунармандлар гузари барпо этилмоқда. Бу ерда ўз касбининг устаси саналган -ҳунармандлар учун тураржой ва устахоналардан иборат яхлит марказ юзага келаяпти. -Сайёҳларга ҳам қулайликлар яратилаётир.

Яна бир қувончли жиҳати шундаки, қай бир халқаро кўргазмада қатнашмайлик, чет элликлар бизга ҳавас билан боқишади. Чунки улар биз яратган санъат асарларини томоша қилиб, элимизнинг нақадар бой меросга эгалигини чуқур ҳис этишади. Ўзбекистонда миллий қадриятлар асраб-авайланаётганига ишонч ҳосил қилишади. Халқимизнинг ақл-заковатига таҳсинлар айтишади.

Шахсан мен ҳунар аҳлининг  меҳнати юксак  қадрланаётган юртда яшаётганимдан бахтиёрман. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус — 2013” кўрик-танловида “Энг яхши ҳунарманд” деб топилиб, менга Президент совғаси — “Spark” автомобили топширилди. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ҳаётимда яна бир унутилмас воқеа юз берди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.

Ҳунардан бахт, обрў-эътибор келса шунчалик бўлар. Шуни ўйлаб ўз олдимга яна ўнлаб қизларга зардўзлик сирларини ўргатаман, издошларим сафини кенгайтираман, миллий ҳунармандчилигимиз шуҳратига шуҳрат қўшаман, деб ният қилдим. 

Маҳфуза САЛИМОВА,
Республика «Ҳунарманд» уюшмасининг
Бухоро вилояти бўлими аъзоси,
зардўз уста.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn