Юксак марраларга рағбат
  • 29 Август 2017

Юксак марраларга рағбат

Инсон қайси соҳада фаолият юритмасин, ўз касбига меҳр қўйиб, сидқидилдан меҳнат қилса, эл-юрт ҳурматини қозониши, обрў-эътибор топиши, шубҳасиз.

Зеро, фидойилик ҳеч қачон изсиз кетмайди. Мамлакатимизда ана шундай қатъий мақсад билан яшаётган, Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб, бу борада бошқаларга ибрат бўлаётган юртдошларимиз меҳнату хизматлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантириб келинмоқда.

Бундан 21 йил аввал — 1996 йилнинг 29 августида “Буюк хизматлари учун” ордени таъсис этилди. Бу мукофот билан юртимиз ва хорижий давлатларнинг фуқаролари фан--техника, иқтисодиёт ҳамда маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни кенгайтиришга, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро -обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги муносабати билан тақдирланадилар.

2003 йилнинг 29 августи эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени таъсис қилинган кун сифатида тарихимиз зарварақларидан жой эгаллади. Ушбу орден мамлакатимизнинг иқтисодий ҳамда маданий юксалишига, мудофаа қудратини кучайтириш ва миллий хавфсизлигини таъминлашга, жамиятда тинчлик ҳамда барқарорликни, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, халқ фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган, ўзининг истеъдоди, билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақига бахш этиб, фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган фуқаролар ҳамда ҳарбий хизматчиларга берилади.

Ҳозирги пайтгача юзлаб юртдошларимиз давлатимизнинг ана шу юксак орденларига сазовор бўлдилар. Зотан, бундай мукофотлар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётган, элим деб, юртим деб ёниб яшаётган юртдошларимиз кўксига ярашади.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn