Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат
  • 29 Август 2017

Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат

Уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Мамлакатимизда барча жабҳада эришилаётган ютуқ ҳамда муваффақиятларда, энг -аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳим омил бўлиб хизмат -қилмоқда. Зеро, бундай заминдан файз-барака аримайди, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, хайру саховат ҳамда ўзаро ҳурмат қарор топади, уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланади. Ушбу оддий ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб, республикамизда улуғ неъматни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни сифатида эълон қилиниб, унинг доирасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилаётгани, асосийси, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олди олинаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий онги тобора юксалаётгани мазкур тадбирлар жамият ҳаётида нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Уларга жалб этилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ҳамда жамоат ташкилот-лари вакиллари томонидан кенг кўламдаги тушунтириш ишлари олиб борилаётир.

Ички ишлар органлари, хусусан, профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилганлиги, айниқса, диққатга сазовор. Эндиликда хонадонларга бориб, паспорт-виза қоидаларига риоя қилиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, узоқ муддат хорижга кетган ҳамда яшаш манзилига қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари билан тегишли тартибда профилактика -ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, паспорт-виза қоидаларига риоя этилиши ўрганилиб, ҳуқуқбузарликка йўл очадиган сабабларни бартараф қилиш чоралари кўрилаяпти. Пировардида ўтган даврда 57 минг 600 га яқин паспорт-виза тартиби бузилишига доир ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, профилактика тадбирлари доирасида корхона, ташкилот, муассаса ҳамда маҳаллаларда тушунтириш ишлари изчил олиб борилиши туфайли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайишига эришилмоқда. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларда ўқиш даврида ўқувчилар давомати ўрганилгани, ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган, мунтазам дарс қолдираётган ёшлар аниқланиб, тегишли чоралар белгиланаётгани ўз самарасини бераяпти. Буни ушбу рақамлар ҳам тасдиқлайди: жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик даражаси 15,7, ёшлар орасида 6,7 фоиз, жумладан, коллеж ва лицей ўқувчилари ўртасида 19,1, олий таълим муассасалари талабалари орасида эса 33,8 фоиз камайди.

Профилактика тадбирларининг яна бир муҳим йўналиши, бу — ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларга йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилди. Улар томонидан ўтказилаётган тушунтириш-тарғибот тадбирлари ҳамда учрашувлар кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилишга туртки бўлаяпти. Биргина мисол: Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан Олтиариқ тумани ҳудудидан ўтган 80 километрлик автомобиль йўли, ундаги сунъий иншоотлар, қурилиш ва савдо мажмуалари ҳамда деҳқон бозори ҳамда автошоҳбекатлар кўрикдан ўтказилганда, бир қатор камчиликлар борлиги аниқланди. “Фарғонаавтойўл” корхонасида ҳам ана шундай ҳолат кузатилди. Уларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритилди. Бугунги кунга келиб уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинганлиги қувонарлидир.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлиги ўсгани сайин уларда профилактика чора-тадбирларига бўлган хоҳиш ҳамда қизиқиш ортиб бораётганлиги ҳам диққатга сазовор. Буни мулкий жиноятларнинг олдини олиш мақсадидаги саъй-ҳаракатлар натижасида ҳам кўриш мумкин. Шу пайтгача хонадонлар, савдо дўконлари ва бошқа объект ҳамда иншоотларни қўриқлаш пультига улаш, видеокамера ўрнатиш юзасидан қарийб 10 минг 500 га яқин тушунтириш ишлари амалга оширилди. Ҳозирги пайтгача қўриқлаш пультига улаш бўйича шунча шартнома тузилиб, унга жами 7400 га яқин объектлар уланди.

Шу ўринда профилактика тадбирларининг асосий мақсади фуқароларга тушунтириш бериш билан бирга, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашишдан ҳам иборат эканлигини айтиш зарур. Масалан, шубҳа уйғотганлиги учун ички ишлар таянч пунктларига олиб келинган фуқароларнинг 2 минг 150 нафарга яқини реабилитация марказларига, 830 нафар вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, қарийб бир минг 700 нафарга яқини даволаш муассасаларига жойлаштирилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар давоми сифатида 

721 нафар қидирувда бўлган шахс ушланиб, 430 та очилмай қолган жиноят фош этилди. Мисол учун, Навоий вилоятининг Кармана тумани ИИБ ходимлари томонидан 2016 йил 27 августда қидирув эълон қилинган А. Худаяров қўлга олинди.

Профилактика тадбирларида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасига чуқур кириб бориб, улар дардига қулоқ тутиш, керак бўлса, муаммоларини жойида ҳал этишга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш йўлга қўйилди. Шу пайтгача 27 мингдан зиёд ана шундай тадбирлар ўтказилиб, уларда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, маҳаллалардаги нотинч оилаларда барқарор муҳит ўрнатиш, жиноятга мойил шахсларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш каби жуда долзарб масалалар кенг аҳоли вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Одамлар билан очиқ ва жонли мулоқотни изчил йўлга қўйиш мақсадида маҳаллаларда тегишли ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари томонидан 4 минг 600 дан зиёд сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этилди. Бундай тадбирларда одамлар муаммоларини аниқлаш, уларни ҳал қилиш чоралари белгилаб олинди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабардор этиш, уларнинг огоҳлигини кучайтириш, муҳими, ёшларимизни қонунларга ҳурмат руҳида вояга етказиш мақсадида -маҳаллаларда 

3 минг 336 та сайёр судлар ташкил қилинди. Бу каби судлар икки томонлама фойдали бўлаётир. Аввало, ҳуқуқбузар ёки жиноятчи кўпчилик олдида хижолат тортиб, бундай ишга бошқа қўл урмайди. Иккинчи тарафдан, ёшларимиз, умуман олганда, ҳар бир фуқаро жиноятга жазо муқаррарлигини кўриб, бунга яна бир карра амин бўлади. Бу, айниқса, жиноятга мойил шахслар учун ибрат сифатида хизмат қилиши аниқ.

Эътиборлиси, профилактика тадбирлари доирасида рўёбга чиқарилаётган ишлар ўз самарасини бера бошлади. Аммо бугунги тезкор замонда шунинг ўзи билан кифояланиш мумкин эмас. Шу боис Президентимиз бошчилигида жорий йил 17 август куни Тошкентда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишлар аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида олдимизда турган долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишлар кўрсатиб берилди. Ҳозирги пайтда шу асосда фаолиятимизни қайта ташкил этиш ва профилактика тадбирлари кўлами ҳамда моҳиятини кенгайтириш устида ишлаяпмиз. Зеро, Ватан тинчлиги ва осойишталиги улуғ неъмат экан, уни асраб-авайлаш ҳамда мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиздир.

Азизбек ИКРАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи,
полковник.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn