Ёшларимиз буюк аждодларига муносиб бўлиши керак
  • 29 Август 2017

Ёшларимиз буюк аждодларига муносиб бўлиши керак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқандга келди. Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган -жойда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.

Президентимиз 2017 йил 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ушбу мақбара лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мақбара мармар ва гранитдан бунёд этилган, Қуръон оятлари билан безатилган. Айвон пештоқларига Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, инглиз ва араб тилларида битилган. Мажмуа атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайлик яратилган. Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғунлик касб этган.

Шавкат Мирзиёев мажмуадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, қабристонни обод қилиш бўйича тавсиялар берди.

Шу куни Президентимиз Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганишга ихтисослаштирилган халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш ташаббуси мамлакатимиз жамоатчилиги ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Тез орада мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Президентимизнинг шу йил 21 май куни Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази қурилиши жадал давом этмоқда. Марказда замонавий ўқув бинолари, кутубхона, ётоқхона, ошхона ва бошқа зарур иншоотлар барпо этилади. Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази шу йўналишдаги бошқа маърифат масканларини бирлаштирувчи йирик марказ бўлади. 

Шавкат Мирзиёев бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари марказни замонавий қилиб барпо этиш билан бирга, уни маънавий мазмун билан янада бойитиш, буюк аждодларимиз меросини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидлади. 

Бу ерга келган одамлар фақат зиёрат билан чекланиб қолмасин, илм-маърифат олсин. Бошқа давлатлардан ҳам талабалар келиб ўқисин. Бунинг учун чуқур илмий услубият -яратиш, динимизнинг асл моҳиятини ўргатиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи Нурафшон кўчасини ободонлаштириш, йўл бўйида замонавий тураржойлар, савдо ва маиший хизмат иншоотлари барпо этиш лойиҳалари бўйича маълумот берилди.

Анвар САМАДОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn