Эътибор, эҳтиром, эъзоз
  • 10 Май 2014

Эътибор, эҳтиром, эъзоз

Мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар қанча эъзозласак, шунча кам. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, биз ана шу юртдошларимиз олдида ҳамиша қарздормиз. Уларнинг умрини қўлимиздан келганча, баҳоли қудрат узайтиришга, мазмунли қилишга, бунинг учун барча шарт-шароитни яратиб беришга ҳаракат қилишимиз лозим.

Зеро, ҳар йили республикамизда 9 май санаси умумхалқ байрами сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланишининг боиси ҳам шунда. Бу кунда ўтганлар ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват кўрсатилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар, мукофотлар улашилади.
Ана шу эзгу анъаналар мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлиб ўтган байрам тадбирларида яна бир бор яққол намоён бўлди.
Хусусан, ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИда умрининг навқирон палласини фронтда ўтказган инсонлардан 121 нафари фарзандлари, невараю эваралари, ёр-биродарлари даврасида Хотира ва қадрлаш кунини тантанали нишонлади. Байрам арафасида уларнинг барчасига алоҳида иззат-икром кўрсатилди.
— Мана, бир неча кундирки, хонадонимизда шодиёна давом этаяпти, — дейди Қонликўл туманида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийси Ўрозбой Наметуллаев. — Туман ҳокимлиги вакиллари “Камолот”чилар билан бирга Юртбошимиз Фармони асосида ажратилган мукофот пулини тантанали равишда топширишди. Сўнгра гулдаста кўтарган невара-чевараларим ҳовлимизни тўлдиришди. Бундай эҳтиромдан бошим кўкка етиб, озод ва обод юртда яшаётганимга такрор-такрор шукрона айтдим.
9 май тонгида Нукус шаҳридаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди.
Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари АНДИЖОН вилоятида ҳам Хотира ва қадрлаш санаси билан тақдири боғланмаган бирорта хонадон, оилани топиш мушкул. Шу боис бу байрамга ҳар бир қишлоғу маҳаллаларда жиддий ҳозирлик кўрилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан 253 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва меҳнат фахрийларига меҳр-мурувват кўрсатилди.
— Инсон азиз саналган юртда яшаётганимнинг ўзи катта бахт, — дейди Пахтаобод туманилик 78 ёшли онахон Феруза Халилова. — Бундай тинч-тотув кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ ахир. Шунинг учун тинчликни қадрлаш каттаю кичикнинг бурчидир. Яратганга шукр, бугун гўзал замонда яшаяпмиз. Айниқса, ёшларимизнинг бахту иқболини кўриб, ич-ичимдан севинаман.
ФАРҒОНАда ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида меҳнат фахрийлари ва спортчиларнинг веломарафони ўтказилади. Бу йил ҳам ушбу анъана такрорланди. “Биз — соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида ташкил этилган мусобақада 106 нафар фахрий ҳамда ҳаваскор спортчи Қўштепа, Тошлоқ, Қува туманлари ва Қувасой ҳамда Фарғона шаҳарлари бўйлаб 135 километр масофани босиб ўтдилар.
— Ҳар йили ушбу мусобақани интиқиб кутамиз, — дейди марафон қатнашчиси, 80 ёшли Маматкарим ота Нурматов. — Беллашувда тенгдошларим — Тўлқинжон Исақов, Алексей Скворцов, Муҳаммаджон Каримов билан пешқадамликни қўлдан бермадик. Бу орқали ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетик бўлдик.
Фарғона шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтган веломарафоннинг ёпилиш маросимида иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир ва маросимлар ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИда ҳам кўтаринки руҳда давом этди.  Айниқса, Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилган маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари таассуротларга бой бўлди. Воҳада истиқомат қилаётган 404  нафар уруш фахрийсига пул мукофотлари ҳамда ҳомийларнинг совға-саломлари улашилди. Анъанага мувофиқ, кўпни кўрган мўътабар инсонлар байрамолди ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлишди. Янги боғ-роғлар, гулзорлар ташкил этилди. 
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган асосий маросим Олмалиқ шаҳридаги Хотира хиёбонида бўлиб ўтди. Байрам давомида хиёбон марказидаги монументга гулчамбарлар қўйилди.
Маълумотларга кўра, фашизмга қарши жангларда 70 минг нафар САМАРҚАНДлик аскар ҳалок бўлган. Фронтдан эсон-омон ёки ярадор ҳолда қайтганлар сони эса 100 минг нафарни ташкил этган. Таассуфки, айни пайтда улардан атиги 391 нафаригина ҳаёт. Ана шу нуронийлар бугун ўз ҳаётий тажрибалари, маслаҳат ва ўгитлари билан ёшларни она-юртга садоқат руҳида вояга етказишдек олижаноб юмушга муносиб ҳисса қўшиб келаяптилар. Ўз навбатида, улар юксак эъзоз ва эҳтиромдан баҳраманд бўлишаётир. Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган байрам тадбирларида бу яна бир бор ўз исботини топди. Давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролар йиғинлари мутасаддилари, қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига меҳр-мурувват кўрсатилди.  Самарқанд шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланган байрам тантаналари “Гранд Султон” кошонасида ташкил этилган дийдорлашув тадбирига уланиб кетди. Унда 500 нафар нуронийга эсдалик совғалари топширилди.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида СУРХОНДАРЁ вилояти шаҳару қишлоқларида ҳам уруш ва меҳнат фахрийларини йўқлаб, уларга эъзоз ва эътибор кўрсатиш билан боғлиқ эзгу тадбирлар янада кенг тус олди. Маҳаллалар фаоллари, меҳнат жамоалари раҳбарлари, ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари уруш қатнашчилари хонадонларига гулдасталар ҳамда совға-саломлар билан ташриф буюришди.
— Бизни ҳурмат қилиб келганлар пойқадами билан хонадонимиз тўйхонага айланди, — дейди Денов туманининг Жаматак маҳалласида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси, 90 ёшли отахон Менгқобил ота Шодиев. — Зеро, кўрсатилаётган эътибор, Юртбошимизнинг, атрофдагиларнинг ғамхўрлиги, Ватан олдидаги, озми-кўпми, меҳнатимиз эътирофи кишига тетиклик бағишлайди, кўнгилни ёшартириб юборади.
Вилоят марказидаги Хотира майдонида уруш қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Маҳаллалар, меҳнат жамоаларида эса байрам дастурхони ёзилиб, кекса авлоднинг ёшлар билан мароқли суҳбати ташкил этилди.
Тўй-маъракаларда кексаларни давра тўрига ўтқизиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий одатлардан саналади. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан БУХОРО шаҳридаги сўлим “Тожмаҳал” маросимлар залида ташкил этилган тадбир ҳам шу қадриятларимиз асраб-авайлаб келинаётганининг яна бир ёрқин далили бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари бир пиёла чой устида ширин суҳбат қурдилар. Даҳшатли уруш ва унинг оқибатларини кўрган, Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, ободлиги, турмуш фаровонлигига шукроналар айтиб яшаётган нуроний отахону онахонларнинг бу учрашуви ўзаро дийдорлашув кечасига айланди. Уларга совға-саломлар улашилди.
9 май куни эрталаб эса Бухоро шаҳридаги Хотира хиёбонида  Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотираси ёдга олинди.
9 май куни тонг саҳардан ХОРАЗМ вилояти марказидаги “Ҳумо” мажмуасида нуронийлар учун байрам дастурхони ёзилди. Шундан сўнг уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирокида Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
— Инсон учун тинчлик ва тотувликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқ, — дейди Урганч шаҳрилик уруш ва меҳнат фахрийси Оллаберган Бобожонов. — Мана шундай дориламон кунларга етказгани учун Яратганга шукр. Юртбошимизнинг биз, кекса авлод вакилларига кўрсатаётган катта ғамхўрлигидан бошимиз осмонда. Илоҳим, ҳурриятимиз мангу, Президентимиз соғу саломат бўлсин!
Байрам муносабати билан вилоятда истиқомат қилаётган 207 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Юртбошимиз Фармони асосида пул мукофотлари топширилди.
Дарҳақиқат, хотира абадий, хотира муқаддас. Инсон умри эса қисқа ва ўткинчидир. Шундай экан, бугунги саодатли кунларнинг қадрига етиб, бир-биримизга меҳр-мурувват, хушкайфият улашиб, фақат эзгу амаллар билан яшаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. 

«Халқ сўзи»  мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар, шунингдек, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Навоий ҳамда Қашқадарё вилоятларида ҳам алоҳида кўтаринкилик билан ўтказилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn