Ҳудудларни ривожлантиришда янгича ёндашув
  • 12 Август 2017

Ҳудудларни ривожлантиришда янгича ёндашув

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойларда аҳолини ташвишга солаётган муаммо ва камчиликларни узил-кесил бартараф этиш, халқимизнинг ҳаёт сифатини янада яхшилаш учун мутлақо янги тизим жорий этилишига йўналтирилган муҳим ҳужжат сифатида кутиб олинди.

Хусусан, Сирдарё вилоятида 2017 йилда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Белгиланган вазифалар ва топшириқлар ўз вақтида бажарилиши юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Унда ҳар бир ҳудуднинг аҳоли сони ва таркибидан тортиб, таълим, спорт, маданият ва бошқа тармоқлардаги маълумотлар, режалар, муаммолар ўз ифодасини топди. Қарорга асосан йўлга қўйилган секторлар фаолиятининг аниқлиги ва самарадорлигини таъминлаш чоралари белгиланди.

Сирдарё вилояти ҳокими Сардоба, Ховос туманлари ва Гулистон шаҳри, вилоят прокурори Боёвут, Сайхунобод туманлари ва Янгиер шаҳри, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Оқолтин, Сирдарё туманлари ва Ширин шаҳри, солиқ бошқармаси бошлиғи Гулистон ва Мирзаобод туманларини ўз ичига олган секторларга раҳбар этиб бириктирилди. Айни пайтда ушбу секторлар томонидан янги қарор ижроси юзасидан манзилли ишлар бошлаб юборилди.

— Ҳудудларни  комплекс  ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор замирида ҳам инсон манфаатлари устувор, — дейди Сардоба тумани ҳокимининг  биринчи ўринбосари Абдукарим Эргашев. — Бинобарин, секторлар ва уларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилган барча вазифалар ижроси пировардида ҳудуд ободлиги, аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилади. Одамлар ҳудудларнинг секторларга бўлинганлиги ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимини топишда энг мақбул  йўл эканини эътироф этишмоқда. Масалан, тегишли сектор раҳбари томонидан “Ота юрт” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг мазкур ҳудудда мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж мавжудлиги хусусидаги таклифи “йўл харитаси”га киритилди. Шунингдек, туманда фойдаланилмай келинаётган маданият уйларини таъмирлаш ва аҳолига маданий-маърифий хизмат кўрсатадиган масканларга айлантириш хусусидаги фикр-мулоҳазалар ҳам ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари сирасига киритилди. Бундан ташқари, арзон, янгиланган лойиҳадаги уй-жойлар қурилиши ижросига ҳам масъулият билан қаралмоқда. Туманимизда Мустақиллик байрами арафасида 40 та оилага ана шундай хонадон калитини топширишга тараддуд кўрилаётир.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарида, шу билан бирга, жойларда изчил ташкил қилинаётган сайёр қабулларда кўрилаётган фуқаролар мурожаатлари ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларга дахлдор кўплаб долзарб масалалар ўз ечимини кутаётганидан далолат беради. Одамларнинг ҳақли эътирозлари ва сарсонгарчилигу оворагарчиликларига сабаб бўлаётган бу муаммоларга барҳам бериш, давлат идоралари раҳбарлари масъулиятини кучайтириш, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини жонлантириш 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқаришга замин яратади.

Ушбу мақсадда ҳаётга йўналтирилган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, Навоий вилоятида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янгича ёндашув асосида амалга ошириш, жараёндаги механизмларни тубдан қайта кўриб чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Туман ва шаҳарларда аниқланган, вилоят даражасида ҳал этиладиган муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.

— Вилоятимиздаги 303 та маҳалла фуқаролар йиғинининг аксарияти ўзининг замонавий биносига эга, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Нормурод Исоқов. — Айни дамда ҳар бир маҳаллада жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилиб, улардаги “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси, профилактика нозири, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилар каби мутасаддиларимиз ҳудудлардаги секторларга масъул раҳбарлар фаолиятини самарали ташкил этишга яқиндан кўмаклашади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn