«Ўзбекистон темир йўллари»: изланиш, янгиланиш, истиқбол
  • 11 Август 2017

«Ўзбекистон темир йўллари»: изланиш, янгиланиш, истиқбол

Пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мамлакатимиз ҳудудларини ишончли ва самарали боғловчи, халқаро транспорт тармоқларига чиқишни таъминловчи ягона темир йўл тизими, юк ва йўловчи ташиш -хавфсизлиги, тармоқнинг иқтисодиёт ривожидаги аҳамияти каби йўналишлардаги ишлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мазкур соҳада улкан ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Рўёбга чиқарилаётган истиқболли йирик лойиҳалар боис тармоқда нафақат юк ва йўловчи -ташиш ҳажми ортмоқда, балки ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланиб, аҳолига катта қулайликлар яратилаяпти. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари Даврон Деҳқоновнинг айтишича, истиқлол йилларида 

1100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилди. Минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилиниб, 1700 километр узунликдаги темир йўл боғламалари электрлаштирилди. Айниқса, ўз ичига Амударё устида қурилган кўприкни ҳам қамраб олган Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ, Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон, Ангрен — Поп темир йўлларининг бунёд этилиши республикамиз иқтисодиёти учун ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эгалиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, 2016 йилда ишга туширилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли орқали Фарғона водийси вилоятларини республикамизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлаш имконияти вужудга келиши баробарида, Хитой — Марказий Осиё — Европа янги халқаро транзит темир йўл тизимининг муҳим бўғини яратилди. 

Янги темир йўлларнинг фойдаланишга топширилиши табиий ресурсларни ўзлаштириш, минглаб кишилар бандлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан қувонарлидир. 

Умуман, ўтган даврда 16 та вокзал қурилиб, 9 таси реконструкция қилинди. Бу билан йўловчиларга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш учун шарт-шароит яратилди. Сўнгги пайтларда 49 та замонавий электровоз сотиб олиниб, 120 та локомотив модернизация қилинди. Ҳозирги кунда эса 92 та электровоз ва 273 та тепловоз “пўлат из”лар бўйлаб ҳаракатда. 

Тизимдаги бу каби ишлар айни пайтда ҳам изчил давом эттирилмоқда.  Бунга қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган Бухоро — Мискин, Урганч — Хива, электрлаштирилаётган Қарши — Термиз йўналишларини мисол сифатида келтириш мумкин. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил топган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш эса 2 баробар кўпайган. Яъни шу пайтгача 1,4 миллиард тонна юк ҳамда 350 миллион киши темир йўллар орқали ўз манзилига етказиб қўйилган.

Сессияда иштирокчиларга тизимда келгусида амалга ошириладиган бошқа лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn