Осойишта кунлар сурури
  • 10 Май 2014

Осойишта кунлар сурури

Ҳаёт — инсонга берилган бебаҳо неъмат. Турмушдаги  эзгу амаллар билан унинг қадри янада юксалади. Мен бу  йил тўқсон саккиз ёшга кирдим. Ҳар тонг бири-биридан суюкли эвара-чевараларим оғушида янги кунни қарши олар эканман, юртдаги осойишталик, одамларнинг меҳр-оқибати, шаҳару қишлоқларимиз файзу тароватга тўлаётганини кўриб, ҳаётга муҳаббатим янада ортади.

Дориламон кунларга етказганига мудом шукр қиламан. Чунки бундай осуда ва фаровон турмуш  ўз даврида биз, кекса авлод учун афсона, етиб бўлмас манзилдай эди. Ўтган  умримга эса ачинмайман. Боиси, юрт учун меҳнат қилдим, кексайган чоғимда  бўлса-да, машаққатларимнинг роҳатини кўраяпман.
 Бугун озод ва бахтли ҳаёт кечириш имкониятини берган Истиқлолга раҳмат, дейман. Унинг шарофати билан қадримиз  юксалиб, қаддимиз тик бўлди. Қаранг, давлатимиз  томонидан амалга оширилаётган ишларнинг барчаси инсон манфаатлари, сиз билан бизнинг яхши ҳаёт кечиришимиз учун йўналтирилган. Масалан, катта шаҳарларни қўя турайлик, қишлоқлардаги ўзгаришларни кўринг. Одамлар бири-биридан кўркам иморатлар қуришаяпти, йўл ва кўчалар ободонлашиб бормоқда. Фарзандларимиз бахту саодати йўлидаги эзгу ишлар, бунга жавобан уларнинг интилишларини айтинг. Бари пок ният билан қилинаётган меҳнат, унинг меваси бўлган тўкинликдан. Бундай осмони мусаффо, эл-улуси оқибатли юртда яшашнинг ўзи катта бахт.
Фаровон турмушимиз замирида, албатта, кекса авлод, уларнинг қадр-қимматини ўрнига қўяётган барча-барча юртдошларимизнинг меҳнати мужассам. Ватан, эл равнақи  йўлида фидойи бўлган ҳар бир инсон эса эъзоз ва эътиборга лойиқ. Хотира ва қадрлаш айёми арафасида биз сингари фронт орти меҳнатчилари, шунингдек, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўрсатилаётган иззат-икром бу иш амалда яққол ифодасини топаётганидан нишона.

Мелижон ТОЖИБОЕВА,
меҳнат фахрийси.
Тўрақўрғон тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn