Тилими тилни ёрар
  • 08 Август 2017

Тилими тилни ёрар

Япон сайёҳи Ўзбекистон қовуни бебаҳо лаззатли неъмат эканини эътироф этди.

Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрининг Ибн Сино номидаги майдонида ташкил этилган қовун сайли иштирокчилари орасида япониялик сайёҳ Кёми Хасегавани учратиб, уни суҳбатга тортдик.
— Ўзим қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси бўлганим учун ушбу тадбирга катта иштиёқ билан келдим, — дейди у. — Бу ерда турли қовун навларидан татиб кўрдим. Жуда мазали. Бундай ширин қовунларни ҳеч қаерда учратганим йўқ. Агар деҳқонларингиз шундай сархил неъматларни Японияга ҳам экспорт қилишса, бу Кунчиқар юрт вакиллари учун ажойиб туҳфа бўларди.
Хорижлик меҳмоннинг эътироф этганича бор. Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги байрамига бағишлаб вилоят ҳокимлиги томонидан бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур тадбирда элликдан зиёд турдаги, 2,5 минг тоннадан ортиқ ширин-шакар қовунлар сотувга қўйилди.
— Когон туманида 20 йилдан буён полиз маҳсулотлари етиштириб келаман, — дейди ўзини Бахтиёр Бойматов дея таништирган деҳқон. — Бу йил тўрт гектар ерда қовуннинг  “Обиноввот”, “Бўрикалла”, “Амири” каби навларидан мўл ҳосил етиштирдик. Уларни харидорлар бажонидил сотиб олишмоқда. Ҳақимизга дуо қилишаяпти. Аҳоли дастурхонини тўкин этаётганимиздан мамнунмиз. Сайил биз учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Бахтиёр ака ҳақ. Полизчиликка эътибор кучайгани унутилган қовун навларининг қайта тикланишига, янги навлар яратилишига олиб келмоқда. Бу эса миришкорлар учун ҳам, истеъмолчилар учун ҳам, давлатимиз учун ҳам айни муддао бўлаётир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn