Зиёратчиларимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетди
  • 08 Август 2017

Зиёратчиларимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетди

Мустақиллик йилларида миллий урф-одатларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз-авлиёларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг ислом динининг улуғ арконлари, жумладан, ҳаж ва умра амалларини эмин-эркин, қаноат ва шукроналик билан адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.
Мустабид тузум даврида Ўзбекистондан ҳаммаси бўлиб 130 киши ҳаж амалини бажарган бўлса, бугунги кунгача ҳар йили ўзбекистонлик беш мингдан зиёд киши ўзининг эзгу орзуси ва мусулмонлик бурчини адо этди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғамхўрлиги ва ташаббуси билан эса жорий йилда 7 минг 350 нафар юртдошимиз ушбу муқаддас зиёратни амалга оширади.
Кеча ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 459 нафардан иборат дастлабки иккита гуруҳи Тошкент ва Наманган шаҳарларидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу муносабат билан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О. Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий У. Алимов ва бошқалар мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, ҳаж мавсумида жорий этилаётган қулайликлар юртдошларимизнинг кўнглини кўтариб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳитига шукрона айтишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда 150 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва уларга ҳамроҳлик қилувчи фуқаролар имтиёзли равишда ҳаж зиёратига юборилмоқда.
Ҳаж мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 7 — 23 август кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларидан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри парвозлар йўлга қўйилди.

М. ЎРОҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn