«Табаррук ошёнда қадримиз баланд»
  • 10 Май 2014

«Табаррук ошёнда қадримиз баланд»

Термиз шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳаким ота ўаффоров умр бўйи одамларга яхшилик қилишни ўзининг бурчи, деб билди. У қаерда ишламасин, аввало, ҳалол бўлишга интилди. Қалби пок одамнинг доимо йўли очиқ ва равон бўлишига ишониб яшади.

Эндигина билаклари кучга тўлган Ҳаким ўаффоров ҳам тенгдошлари каби орзулар оғушида, улкан мақсадларни дилига тугиб яшаётган эди. Бироқ унинг ширин орзуларини уруш деган бало тупроққа қориди. Ҳаким ота урушнинг кулфат ва мусибатларини ёдга олганида, чуқур хўрсинади. Кўпчилик дўстларининг шу кунларга етолмаганидан афсус-надоматлар чекади, куйинади. Яратганга шукрки, онаси ва яқинларининг қилган дуолари ижобат бўлиб, у ажалнинг домидан соғ-омон Ватанга қайтди.

Бугунги дориламон кунларда, фароғатда ҳаёт кечираётган Ҳаким ўаффоров тинчлик деган улуғ неъматнинг қадрига етмоқликни дастурхон атрофида фарзандларига, ўқув юртларида таълим олаётган ёшлар билан ўтказилган мулоқотларда такрор-такрор уқтиради. Ёшлар кўпинча бободан “Узоқ умр кўришнинг сири нимада?” деб сўрашади. Шунда отахон ўзи ҳаётда амал қилиб, кам бўлмаган хислатларни уларга бирма-бир санаб беради. Аввало, ҳар бир киши ўзи яшаётган она-юртни севиши, ундаги ҳар бир ўзгариш ва бунёдкорликдан қувониб яшаши лозим, дейди. Одам яхши кунларни кўриб яшаради, деган гап бежиз айтилмаган, дея таъкидлайди.

— Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонидан барча сафдошларим қатори менинг ҳам бошим осмонга етди. Биз — қариялар ва уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромдан мамнунмиз. Тафти қуёшдек илиқ, Ўзбекистондек мўътабар ошёнда Ватан равнақи, юрт фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилган ҳар бир инсон эъзоз ва қадр топмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истиқлол йилларида миллий қадриятларимиз қаторидан ўрин олган Хотира ва қадрлаш куни юртдошларимизни кўплаб савобли ишларга ундамоқда, меҳр-оқибатли бўлишга чорлаяпти. Фашизмга қарши курашда она-юртимиз тинчлиги, осойишталиги учун жасорат кўрсатган қуролдошларимизнинг порлоқ хотираси ёдда сақланиб, эъзозланмоқда.

Ушбу кунда Сурхондарё вилояти туман ва шаҳарларида, маҳаллаларда, гузарларда, хонадонларда марҳумлар охиратига ободлик, юртга тинч-тотувлик, ётиб қолганларга шифо ва бардамлик тилаб, дуога қўл очилади. Инсон ҳаётининг мазмунига айланган хотиралар эса ёшларни яратувчанликка, ўзи яшаётган юртга садоқатли бўлишга ундаши шубҳасиз. Қолаверса, донишмандлар “Бир-бирига меҳр-оқибатли эл кўкаради”, деб бежиз айтишмаган.

Яратувчан халқимиз меҳнати билан юртимиз жанубининг олтин дарвозаси бўлган Термиз шаҳри ҳам истиқлол йилларида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Ҳаким ота учрашувларда бот-бот таъкидлаганидек, фахрийлар, уруш қатнашчилари кўрмаган кунларни мустақиллик туфайли биз ва фарзандларимиз кўришаяпти. Боболарининг ёшликда армон бўлган орзуларига улар эришишмоқда. Чинданам, ёш авлоднинг соғлом бўлиб камол топиши йўлида биргина Термизда қилинаётган ишларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Масалан, янги қад ростлаган “Сурхон” спорт мажмуини кўринг, бу ерда ёшлар спортнинг кўплаб турлари бўйича машғулотлар олиб боришмоқда, чиниққан, бақувват ва кучли ёшлар эса жаҳон ареналарида муносиб ўринларни эгаллашмоқда. Кўркам ва замонавий аҳоли тураржойлари, янги мактаб ва коллежлар, “Бахт уйи”, қишлоқларда намунавий лойиҳа асосида қурилаётган аҳоли массивлари воҳа ҳуснига янада ҳусн қўшмоқда. Ҳаким ота айтганларидек, бундай бунёдкорлик ишларини кўриб, қувонасан, яна узоқ йиллар яшагинг келади.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn