Буюк аждодларимиз билан фахрланишнинг ўзи камлик қилади
  • 08 Август 2017

Буюк аждодларимиз билан фахрланишнинг ўзи камлик қилади

Давлатнинг мустаҳкамлиги нафақат унинг иқтисодий юксалиши, балки жамиятдаги маънавий муҳит барқарорлиги билан узвий боғлиқ. Бинобарин, ҳар қандай ривожланиш маънавият ва маърифат пойдеворига қурилмас экан, унинг бардавомлигини таъминлаб бўлмайди.

Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида мамлакатимиз маънавий тараққиётининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, миллатимиз зиёлилари, санъат аҳли ва ижодкорлар юртимизда Ватанимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол ижрочиси ва иштирокчиси, халқимизни янги марралар сари руҳлантирувчи асосий куч сифатида намоён бўлишлари даркор. Зеро, жамият тафаккурининг эгалари бўлган ижодкорлар оддий одамлар кўрмаган, ҳис эта олмаган воқеликларни кўради ва теран ҳис этади.
Юртимиз қадимдан адибу санъаткорлар ва файласуфлари билан машҳур. Улар томонидан яратилган бой маънавий мерос, илмий ва бадиий асарлар бугунги кунга қадар инсоният ривожига, маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Аммо бугун биз буюк аждодларимиздан фахрланиш билан чекланиб қолмоқдамиз, десак, янглишмаймиз. Уларнинг асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини таҳлил этишда сусткашликка йўл қўймоқдамиз.
Шунинг учун ҳам Президентимиз учрашувда буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди кино, театр, бадиий ва илмий асарларга мавзу бўлмаётганлигини алоҳида таъкидлади. Енгил-елпи, кундалик қайнона-келин муносабатлари ва муҳаббат мавзуларининг қайноқ муҳокамасидан кўра фарзандларимизнинг тарбияси, дунёқараши ва ўз-ўзидан давлатимиз келажагини белгилаб берувчи омил сифатида шонли ўтмишимиз, буюк аждодларимизни намуна қилиб кўрсатмаслик авлодларга хиёнат билан баб-баравар эканлигини айтиб ўтди.
Афсуски, бугун ёшларимиз бошқа миллат қаҳрамонлари ҳақида ўз миллий қаҳрамонларимиздан кўра кўпроқ маълумотга эга. Бу эса, ўз ўрнида, уларда Fарбнинг ёт ғояларига интилиш, тушуниб-тушунмасдан амал қилишига олиб келмоқда. Бунда ижодкор ва санъаткорларимизнинг ҳам салбий маънодаги ҳиссасини таъкидлаб ўтиш зарур. Шу сабабли давлатимиз раҳбари бу камчиликни бартараф этиш мақсадида ҳар йили давлат буюртмаси асосида кино ва мультипликация асарлари яратилиши, унда миллатимиз ва маънавиятимиз учун муҳим бўлган мавзулар илгари сурилишини билдириб, бунинг учун зарур маблағлар ажратиб берилишини қайд этди.
Партиямизнинг сайловолди платформасида белгиланган, лекин одамлар дунёқарашида ўзгартириш жуда қийин кечаётган тўй-маъракаларни ўтказиш масаласи Президентимиз томонидан миллий маънавиятимизга жиддий путур етказаётган омиллардан яна бири сифатида кун тартибига олиб чиқилди. Дарҳақиқат, миллий анъаналаримизга зид, халқимиз маданиятига тамоман тўғри келмайдиган қадриятларнинг олиб кирилиши камтарлик, ўзаро кўмак, меҳр-оқибат каби халқимизга хос бўлган азалий одатларимизни йўққа чиқармоқда. 
Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала дунёда ислом маданиятининг нотўғри талқин қилинишидир. Ким бугун муқаддас динимиз номидан дунёга жаҳолат уруғини сочмоқда? Ислом дунёсининг таълим кўрмаган ёшлари эмасми? Уларга ким таълим бериши керак? Ўз даврида ислом динининг мазмун-моҳиятини инсониятга англатиб берган буюк боболаримиз Бухорий ва Термизийларнинг бу мавзудаги асарларини ижодкорларимиз таҳлил қилиб, дунёга тарқатишлари керак эмасми? Бунга биз даъвогарлик қилмасак, ким даъвогарлик қилади? Шу сабабли Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинаётган Тошкент шаҳридаги Ислом маданияти маркази, Самарқанд шаҳридаги муҳаддислар мактаби нафақат мамлакатимиз, балки бутун ислом дунёси учун аҳамиятли бўлган ташаббуслар эканини айтиб ўтиш лозим. Ислом маданияти марказининг ташкил этилиши миллатимизнинг ислом цивилизациясидаги юксак ўрнини кўрсатиб бериш учун жуда зарур эканлиги алоҳида таъкидланди.
Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг маънавий ва маърифий ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўладиган ўндан ортиқ қарорлар бевосита санъат аҳли ва зиёлилар билан маслаҳатлашиб, улар фикрига қулоқ тутган ҳолда қабул қилинди. Бу қарорлар замирида соҳада узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмай турган муаммолар бартараф этилади. Жумладан, санъат ва мусиқа йўналишидаги олий таълим даргоҳларида қабул талабларининг қайта кўриб чиқилиши, санъат ва маданият даргоҳларида “дўстлари клублари”нинг ташкил этилиши, санъат мактабларига халқ артистларининг устозлик мақомида иш олиб бориши каби муҳим таклифлар мамлакатимиз маданияти ва санъати ҳаётида катта ўзгаришлар ва ривожланишга олиб келиши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур маърузаси ўз моҳияти ва аҳамияти билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди платформасида белгиланган мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир. Зеро, партия ижодкор зиёлилар манфаатларини ҳимоя қилиш, адабиёт, санъат, маданият соҳасини ривожлантиришга кўмаклашишни ўзининг устувор вазифаларидан бири, деб билади. Хусусан, партия Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини халқаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, ҳозирги Ўзбекистон заминида яшаб ижод қилган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган киноасарларни яратиш ва уларни дунё жамоатчилиги диққат-эътиборига етказиш тарафдори.
Президентимиз маърузасида кўтарилган ҳаёт-мамот масаласи, яъни тарбия, жамиятнинг маънавий ва ахлоқий асосларини мустаҳкамлашга оид йўналишлар партиямизнинг ҳар бир аъзоси олдида турган муҳим вазифа эканлигини чуқур англаб, барчамизни бу борада фаол, жонкуяр бўлишга ундайди.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик
партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn