Уларнинг борлиги бойлигимиз, бахтимиз
  • 10 Май 2014

Уларнинг борлиги бойлигимиз, бахтимиз

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бухоро вилояти марказида бўлиб ўтадиган маросимга таклифнома олган Иккинчи  жаҳон уруши қатнашчиси Назар Бозоровнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

Бир кам тўқсон ёшли отахон ўғли Нормуродни ёнига чорлаб йўл тараддудини кўришга киришди. Ахир Пешкунинг Талисобун қишлоғи билан Бухоро шаҳри ораси нақд эллик чақирим келади-я.
Нормурод отасининг феълини яхши  билади. Уни хотиржам қилиш ниятида “Ота, ҳозир Бухоро тугул, азим Тошкент ҳам бир қадам бўлиб қолди. Хавотир олманг, шаҳарга тонг саҳарлаб етиб борамиз”, деди  дарвоза олдида гижинглаган тойдек турган машинасига ишора қилган кўйи.
Биз эса шу орада отахонни суҳбатга тортдик.
— Дунёда ҳеч нарса тинчлик, нон ва Ватан қадридан устун бўлолмайди,  ўғлим, — дейди у киши. — Иккинчи жаҳон уруши йилларида мен нақд етти йил она-юртимиздан узоқда бўлдим. Уруш даҳшатларини ўз кўзим билан кўрдим. Қаҳатчиликни, одамлар бир бурда нонга зор бўлган кунларни айтмайсизми? Яратганга шукроналар қиламан, менга шундай дориламон кунларни кўриш насиб этди: юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Бозорларимиз тўкин. Илоҳим, кўз тегмасин. Президентимизнинг биз, уруш қатнашчиларини рағбатлантириш ҳақидаги Фармонидан жуда хурсанд бўлдим. Асл касбим ўқитувчилик. Мактабда қирқ йил болаларга жисмоний тарбиядан сабоқ берганман. Бир пайтлар спорт заллари тугул оддий бир копток ҳам анқонинг уруғи эди. Бугун невараларим киши ҳавас қилгулик спорт саройларида машғулотлар ўтказаётганини кўриб, “Зап замонлар бўлди-да”, деб қўяман. Айтмоқчи, юздан зиёд невараю эвараларим бор. Барака топишсин, “Бобожон” деб атрофимдан кетишмайди.
Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам Назар отадек нуронийлар доимо давраларнинг тўрида. Когонлик Рўзиниёз Тўраев, Тўрақул Жўраев, ромитанлик Карим Розиқов шулар жумласидан. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси саналган бу табаррук ёшдаги инсонларнинг қўллари ҳамиша дуода. Сўзларида ҳаёт ҳикмати лиммо-лим бу отахонлар ёшлар учун ибрат мактабидирлар. Уларнинг борлиги эса бойлигимиз, бахтимиз.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn