Инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди
  • 02 Август 2017

Инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Айтиш жоизки, мазкур ҳужжат 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга доир Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг 2016 йил 14 декабрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида давлат ва жамият қурилишида адолат принципини кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканлиги ва ушбу принципни амалга оширишда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бир қаторда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг бевосита масъулиятини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Ҳозирги вақтда Вакил фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ва изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жорий йил 31 майда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг қабул қилингани инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимида Вакил институтининг роли ва ўрнини янада ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бинобарин, Қонунга мувофиқ, Вакилга масалаларни Конституциявий судга кўриб чиқиши учун киритиш, суд мажлисларида иштирок этиш ва ушбу мажлислар чоғида кўрилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Парламент назорати тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши Омбудсман институтига давлат идораси, парламент назорати субъекти ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича миллий муассаса сифатида ўзига хос масъулият юклайди.  

Қонун лойиҳасига киритилган 9 та янги модда юқорида кўрсатиб ўтилган қонунлардаги қоидаларни тўлиқ акс эттиришга ҳамда Омбудсман фаолиятининг асосий йўналишларининг аниқ регламентациясига эришишга хизмат қилади. Хусусан, қонун лойиҳасида Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, очиқликни таъминлаш, парламент назоратининг бошқа субъектлари, шунингдек, Конституциявий суд ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан   ҳамкорлик  бўйича фаолияти асослари белгилаб берилган. Бундан ташқари, унда Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталаридаги йиллик ҳисоботини эшитиш муддатлари, унинг минтақавий  вакиллари мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жисмоний ва юридик шахслардан, жумладан, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, ушлаб турилган ва қамоққа олинган шахслардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш тартиби қатъий белгилаб қўйилган.

Қонун лойиҳаси мазкур соҳадаги энг асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги 48/134-резолюцияси билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи миллий муассасаларнинг мақомига тааллуқли принциплар”, шунингдек, илғор хориж тажрибасига асосланган.  Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида дунёнинг 44 та демократик давлатларининг тажрибаси ўрганилди. Изланишлар натижасида қонун лойиҳасига Омбудсман томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этишнинг айрим масалалари юзасидан парламентга махсус маърузалар тақдим этиш, ижро этувчи ҳокимият органлари вакилларининг Вакил ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқи, шунингдек, молиявий харажатлар шаффофлигини таъминлаш бўйича бандлар қўшилди.    

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда шаклланган демократик амалиётга таянган ҳолда, Омбудсман институти томонидан республикамиз пойтахти ва вилоятларда қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу жараёнда фуқаролар, жамоатчилик ва илмий доираларнинг иштироки фаоллигини янада ошириш мақсадида қонун лойиҳаси www.ombudsman.uz расмий сайтига жойлаштирилди. Келиб тушадиган барча таклифлар ҳар томонлама ўрганилади ва қонунчилик ташаббуси субъектларига тақдим этилади.   

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn