Ҳамиша ардоқдасиз
  • 09 Май 2014

Ҳамиша ардоқдасиз

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Доимо эъзоздасиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унга ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда узоқ йиллар меҳнат қилган табаррук ёшдаги аёллар, нуроний онахонлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар  таклиф этилди. 

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолини  ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган тизимли ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг саломатлигини асраш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.   

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан жамият ҳаётининг турли соҳалари ривожи йўлида самарали меҳнат қилган онахонлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар ҳолидан хабар олиш, нуронийлар учун ихтисослаштирилган шифохоналар, пансионатларда ижтимоий лойиҳалар ўтказиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг барча таълим масканларида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараги аъзолари табаррук ёшдаги юртдошларимизни йўқлаш, уларга уй-рўзғор юмушларида яқиндан кўмаклашишда муносиб ҳисса қўшмоқда. 

— Осмони мусаффо, ҳаёти осойишта ва фаровон бўлган, турли миллат ва элат вакиллари аҳилликда истиқомат қилаётган мамлакатда умргузаронлик қилмоқдамиз, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова. — Энг олий қадрият — тинч ва осуда, бахтли ва ёруғ кунларимизни, мустақиллигимизни, унинг саодатли неъматларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ана шу эзгу ғояни ёшларимиз онгига етказиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Уруш ва меҳнат фахрийларига байрам совғалари, ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда муносиб ҳисса қўшган устоз-мураббийларга сиҳатгоҳларга йўлланмалар топширилди. 

Тадбирда санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари,  Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Н. УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn