Ҳаёт завқи, умр ибрати
  • 09 Май 2014

Ҳаёт завқи, умр ибрати

Юртимиз равнақи йўлида фидойилик кўрсатганларни хотирлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром билдириш, шунингдек, бугун ёш авлоднинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишида ўзининг ҳаётий тажрибаси орқали ибрат бўлаётган кексаларимиз иззатини жойига қўйиш энг улуғ қадриятларимиздандир.

...Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Шофайзбоғи маҳалласида истиқомат қилувчи Абдуллаевлар хонадони доим меҳмонлар билан гавжум. Бу ерга келадиганлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 93 ёшли Абдувосиқ ота Абдуллаевнинг дуосини олайлик, дейди.  

Бу нуронийнинг яхши одатлари бор. У киши одамларнинг юз-кўзига бир боқадилар-да, суҳбатдошнинг тилини топадилар. Болалар билан болаларча, ўрта ёшдагилар билан оғир-босиқ оҳангда гапириб, зарур маслаҳат ва ҳаётий тажрибаларини аямайдилар.

Уруш бошланганида Абдувосиқ ота айни кучга тўлган йигит эди. Осмон қадар юксак орзуларини уруш буткул ўзгартириб юборди. Фронтга кетди. У ерда оғир яраланди, шифокорлар чап оёғини ампутация қилишди. Бу билан тушкунликка тушиб қолмади, дориламон кунлар келишига ишонарди. “Болаларим, бу азиз кунларнинг қадрига етинглар”,  дейди атрофида парвона ўғил-қиз чевараларига. 

Отахон уч қиз ва уч ўғилни тарбиялади. Шу фараҳбахш кунларда бу инсон 22 нафар набираси, 58 нафар эвараси, яна 8 нафар чеварасининг шўх-шодон кулгисини кўриб, қарилик гаштини сураяпти. 

— Юртда тинчлик, осойишталик бўлсагина роҳат қилиб яшайсан, —  дейди Абдувосиқ ота. — Ҳар йили муҳташам иморатлар қурилаётир. Енгил мошинлар кўпайгандан кўпаймоқда. Буларнинг ҳаммаси тинчликдан, албатта. Президентимиз биз, кексаларга доим ғамхўрлик кўрсатиб, мукофотлар билан сийлайдилар. Мана, куни кеча 600 минг сўм пул мукофотини ҳам топшириб кетишди. Жудаям хурсанд бўлдим. Қалбим қувончга тўлди.

Суҳбатимиз авжи қизиган пайт эшикдан меҳмонлар кириб келишди.

— Абдувосиқ ота, уйдамисиз? Ассалому алайкум! Биз “Нуроний” жамғармаси ва “Ватанпарвар” ташкилотидан келдик. Сизга озиқ-овқат ва дори-дармон тўпламидан иборат байрам совғаларини келтирдик.  Мана, “Нуроний” жамғармаси раисининг сизга ёзган табрикномалари ҳам бор.

— Э-э, барака топинглар. Бундай эъзоз ва ғамхўрликдан маънан ёшариб кетаверарканмиз-да. Ташаккур, Юртбошимиз эътибори туфайли меҳр-оқибат кўриб, ардоқда юрибмиз. Қаерга борсак, давранинг тўри бизники. 

Отахон сўзлар эканлар, биз ўтирган айвон эвараю чевараларга тўлиб тошди. Одобли бу болаларнинг ёниқ чеҳрасида нур балқиб тургандек, гўё. Бу фарзандларнинг илмга, ҳунарга, комилликка бўлган интилишида Абдувосиқ отанинг панд-насиҳатлари муҳим ўрин тутаётганини бир қарашдаёқ англаса бўлади. 

— Ҳалол ишлаган, юракдан меҳнат қилган инсоннинг ҳаёти гўзал бўлади, — дейди у киши ёшларга қарата. — Ўзим шунга бир умр амал қилиб келаяпман. Одам ширинсўз ҳам бўлиши керак. Олимларнинг айтишича, танамизнинг 70 фоизини сув ташкил этар экан. Бу сув жаҳл чиққанда заҳарга айланади. Яъни бу киши ўзига  касаллик орттириб олади, деганидир. Табиат ҳам одамнинг гапини эшитади, тушунади, билади. Мисол учун, дарахтни экинг, яхши гапирсангиз ўсади, унади. Қаттиқроқ гапириб, жанжал қилсангиз ўша дарахт қурийди. Ширинсўзликда ҳикмат кўп, болаларим.

Мамлакатимизда Абдувосиқ ота сингари донишманд нуронийлар кўп. Улар билан гурунглашиб тўймайсан киши. Чунки бундай мулоқотларда файз бор, шукрона зоҳир, бугунги улуғ бунёдкорлик амалларидан фахрланиш туйғуси мужассам. Биз ҳам отахоннинг суҳбатидан катта завқ олдик. Бу хонадондан чиқиб кетар чоғимиз эшик олдида яна бир гуруҳ мактаб ўқувчилари кириб келаётганига кўзимиз тушди...

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn