Ёшлар — Ватан келажаги
  • 14 Июль 2017

Ёшлар — Ватан келажаги

Хабарингиз бор, шу йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Бу мамлакатимиздаги навқирон авлод вакиллари ҳаётида унутилмас, муҳим сана сифатида тарих саҳифаларидан ўрин эгаллади. Зеро, ёшлар иттифоқи шунчаки жамоат тузилмаси эмас, балки жуда катта ваколат ва имкониятларга эга ташкилотга айланди.

Нукус шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг мажлисида ана шулар ҳақида сўз борди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Ерниязов Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор, улар учун яратилган имкониятларни алоҳида эътироф этди. Бинобарин, давлатимиз -раҳбарининг шу йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти, аҳамияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида тўхталди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Ш. Базарбаева, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзоси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби П. Жолдасбаев юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга қорақалпоғистонлик ёшлар номидан миннатдорлик билдиришди.   

Мажлисда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси этиб -Абатбай Данияров сайланди. Шунингдек, мазкур ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, ижроия қўмитаси аъзолари тасдиқланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ. Сариев қатнашди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгашининг илк йиғилишида ҳам  мазкур ташкилот олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

— Ўз фаолиятини бошлаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, унинг сайланадиган раҳбариятидан умидимиз катта, — деди йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Ўктам Барноев. — У фақатгина ижтимоий фаол ўғил-қизлар билан ишлаб қолмасдан, уюшмаган ёшлар қатламини ҳам ўз атрофига бирлаштириши, маданият, спорт, илм-фан, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги қобилиятларини юзага чиқаришда ташаббус кўрсатиши лозим.

Вилоятда ишбилармонлик салоҳиятини намоён этган ва иш ўринлари яратган ёш тадбиркорлар кўп. Улардан бири пешкулик Шерзод Раҳмоновдир. Паррандачиликка ихтисослаштирилган корхонага раҳбарлик қилаётган бу изланувчан йигит ҳар йили 5-6 нафар коллеж битирувчисининг бандлигини таъминламоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси этиб Зарифжон Комилов, шунингдек, кенгаш ижроия қўмитаси таркиби сайланди.

Қашқадарё вилоятида ҳам худди шу масалага бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Президентимиз томонидан 2017 йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Ёшлар иттифоқи олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда навқирон авлод вакиллари учун яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб, янги ташкилот фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, ундаги вазифалар ижроси келажагимиз ворисларига улкан масъулият юклашини билдиришди. 

Тадбирда бунгача “Камолот” ЁИҲнинг Қашқадарё вилояти кенгаши раиси вазифасида ишлаган Шомурод  Сатторов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси этиб сайланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Одилжон Таджиев, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ёшлар иттифоқининг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn